Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Институтда халқаро таълим факультети очилди хорижлик талабаларга қандай шароитлар яратилган?

Олий таълим муассасаларини “топ 1000” таликка киритишнинг бир шарти ўқув юртида хориждан келиб ўқийдиган талабаларнинг бўлишидир. Кейинги йилларда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига хорижлик ёшлар ўқиш истагини билдирмоқда. Бу олий таълим муассасаларининг нуфузи ошаётганидан дарак беради. Тўғри, ҳали Ўзбекистонда бирор олий таълим муассасаси “топ 1000” таликка киритилгани йўқ. Аммо олий ўқув даргоҳларида хорижлик талабаларнинг кўпаяётгани яқин келажакда биздаги таълим сифатини дунё тан олишига умид қилса бўлади.

Самарқанд давлат тиббиёт институтида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб халқаро таълим факультети очилди. Факультетга Россия Федерацияси, Украина ва Польша давлатларидаги олий таълим муассасалари билан қўшма дастур асосида 152 нафар талаба ўқишга қабул қилинди.

Шунингдек, факультетда ҳали Ўзбекистон тиббий таълим соҳасига киритилмаган клиник психология йўналиши ташкил этилди. Ушбу йўналиш И.Н.Ульянов номидаги Чуваш давлат университети билан қўшма дастур асосида ҳамкорликда очилди. Факультетда бакалаврлар учун даволаш иши, стоматология, педиатрия иши, олий ҳамширалик йўналишлари мавжуд.

Бундан ташқари, институтга Буюк Британия, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Покистон, Ҳиндистон, Афғонистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларидан жами 450 нафар талаба ўқишга қабул қилинди.

- Хорижлик талабалар талабалар турар жойида яшаяпти, - дейди халқаро таълим факультети декани, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мансур Алиев. – Хорижлик талабаларга дарслар MBBS йўналишида ташкил этилган. MBBS – Medical Bachelor/Medical Surgeon (Тиббиёт бакалври/Тиббиёт хирурги) даражаси Ҳиндистон, Покистон ва бошқа давлатларда тан олинувчи халқаро эътироф этилган тиббиёт мутахассислиги бўлиб, ушбу мутахассисликни эгаллаган талабалар соғлиқни сақлаш соҳасида шифокорлик касбида фаолият кўрсатишлари мумкин. Ўқиш давомийлиги 5 йил. Шу давр ичида талабаларга тиббиётнинг энг асосий йўналишлари бўйича зарур бўлган заминий ва клиник фанлардан амалий ҳамда назарий машғулотлар инглиз тилида олиб борилади. Профессор-ўқитувчиларнинг 80 фоизи маҳаллий, 20 фоизи чет эллик мутахассислардир.

Институт профессор-ўқитувчилари хорижий талабаларга дарс бериши учун дастлаб инглиз тилини ўргатувчи махсус курсларда ўқитилиб, халқаро сертификат олган. Хориждан келган профессор-ўқитувчилар ҳам инглиз тилида дарс беради. Қисқаси, хорижлик талабалар учун дарс машғулотлар тўлиқ инглиз тилида олиб борилмоқда.

Хорижлик талабалар ҳаёти билан танишиш мақсадида улар истиқомат қилаётган 1-сонли талабалар турар жойида бўлдик. Институтда учта талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, ушбу ётоқхонада маҳаллий талабалар ҳамда покистонлик ўғил-қизлар яшар экан.

Талабалар турар жойидаги хоналар 2 кишига мўлжалланган, замонавий жиҳозланган. Ҳар иккита хона учун алоҳида ювиниш хонаси ва ҳожатхона, кир ювиш учун умумий махсус хона мавжуд. Йигит-қизларга алоҳида ошхоналар бўлиб, унда покистонлик талабаларга уч маҳал ҳалол миллий таомлар тайёрланади. Ошпазлар Покистондан келтирилган.

- Покистон мусулмон давлат бўлгани учун биз Самарқандда стандартларга мос ҳалол сифат сертификатига эга маҳсулотлар топишга қийналдик, - деди 1-курс талабаси Муҳаммад Сале.

- Дарслар қийинчилик туғдиргани йўқ, 5 маҳал намоз ўқишга вақт топилади, - деди 1-курс талабаси Нагеен Варда. – Бизга барча шароитлар яратилган. Ўзбекларнинг миллий таомларидан палов, лағмон, кабоб менга жуда манзур бўлди. Айниқса, палов ёқди менга.

- Ўзбекистонга келишимга ота-онам қаршилик қилгани йўқ, - деди 1-курс талабаси Хемера Шакил. – Улар менинг шифокор бўлишимни исташади. Сизнинг давлатингиз ҳар томонлама маъқул бўлгани учун бу ерда таҳсил оляпман.

Хорижлик талабаларнинг айримлари Самарқандда қолиб, докторлик даражасигача таълим олишни давом эттириш ниятида эканини билдирди. Бундан кўриниб турибдики, биздаги шарт-шароит ва таълим сифати хорижлик ёшларга маъқул.

Институтда хорижлик талабалар тўлов-контракт асосида ўқийди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.