Интернет олами ва мутолаа маданияти: Ёшларни газета ўқиш, китобга ошно бўлишга чорлашдаги масъулият нимада?

Ижтимоий тармоқлар ҳаётимизда шунчалар чуқур ўрин эгаллаб бораётган бир даврда, бир неча сатрга сиғган маълумотлар ва кулгили роликлар орқали “маънавий озуқа” олишга ўрганиб қолдик. Оқибатда матбуот, газета-журнал ўқиш одати кўпчилик учун иккинчи ўринга сурилиб бормоқда.

Шундай шароитда одамларни яна газетхонликка чорлаш учун ўқувчидан нима талаб этилади? Газета ижодкорлари зиммасига қандай масъулият юкланади? Бу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида вилоят “Зарафшон” газетаси ходимлари билан учрашув ўтказилди. Учрашув ижод, китобхонлик ва газетхонликнинг аҳамиятига бағишланди.

- Бундай мулоқотлар нафақат талабалар, балки ўқитувчилар учун ҳам фикр алмашиш, илмий ва ижодий онгни бойитишнинг муҳим майдонига айланиб бормоқда, - деди тадбир аввалида университет ректори Худойназар Юнусов - Айниқса, ижодкорлар билан учрашув ўқитувчилар учун ҳам мулоқот, ҳам илҳом манбаи саналади.  Чунки ўз фикрини қоғозга тушириб, жамоатчиликка етказа олган ўқитувчи — жамиятнинг ҳақиқий зиёлисидир. Университетимизда 400 дан зиёд профессор-ўқитувчи, 6 мингга яқин талаба бор. Бу эса ижод аҳли учун улкан ўқув аудиторияси демакдир. Талабаларимиз орасида шеър ёзаётганлар, ҳикоялар битадиганлар, ижодга ошно бўлганлар ҳам кўп.

Учрашувда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев бугунги кунда аксарият одамлар эътиборини интернет забт этиб бораётганини таъкидлаб, китоб ва газета ўқимасликнинг салбий оқибатларига тўхталди. Шунингдек, “Зарафшон” газетаси кутубхонасида кейинги йилларда нашр этилган китоблар ҳақида маълумотлар бериб, ўз ижод намунасидан ўқиб эшиттирди.

- Зиёли инсон икки жумлани тўғри ёза олмаса, бу - у газета, журнал, китоб ўқимай қўйганидан, - дейди Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Акрам Ҳайдаров. - Қисқа видеоларга, “прикол”ларга берилиб кетишимиз ҳам айнан шунинг оқибати. Мазмунли ахборотни қабул қилмаслик ҳолати шаклланаётгани эса кишини ўйга толдиради. Афсуски, баъзан оддий янгиликни ҳам халққа янада соддароқ тилда тушунтиришга тўғри келмоқда. Чунки одамлар интернет тилига, қисқа ва юзаки хабарлар ўқишга мослашиб бормоқда. Бу эса тилнинг жозибадорлигини сусайтиряпти.

Дарҳақиқат, учрашувда айримларнинг “интернет асрида одамни газета ўқишга чорлаб бўлмайди”, деб ўйлаши, аммо ҳаётимиз фақат тезкор маълумотдан иборат эмаслиги, танқидий, чуқур таҳлил қилинган ва пухта ёзилган мақолалар доимий равишда жамият тафаккурини бойитишда муҳим аҳамият касб этиши бот-бот такрорланди. Шошилинч ва тинимсиз ахборот оқими эса инсон онгини толиқтириб қўяди, ўқиш маданиятини сусайтиради.

Учрашув сўнггида талабалар ҳам ўз ижод намуналаридан ўқиб, журналист ва ижодкорларга саволлар берди. Тадбирда фаол иштирок этган талабаларга китоблар совға қилинди.

Гулруҳ Мўминова.