Иқтисодиёт йўналишидаги техникумларни битирган ёшлар имтиҳонсиз, 2-босқичдан Фискал институтига қабул қилинади

Кейинги 4 йилда мамлакатимизда барча соҳаларда жуда катта ислоҳотлар амалга оширилмокда. Хусусан, солиқ тизимида ҳам янги босқич бошланди. Президентимиз қарорлари билан солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилиниб, тизимда ислоҳотларнинг асосий йўналишлари белгиланди ва босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Бу борада Президентимизнинг жорий йил 4 ноябрдаги “Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институтни ташкил этиш” тўғрисидаги қарорини алоҳида таъкидлаш ўринли. Негаки, қайд қилинган ҳужжат асосида ДСҚ Малака ошириш маркази негизида Фискал институт ташкил этилмоқда.

Мақсад солиққа тортиш ва молиявий назорат соҳалари учун бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича кадрларни кредит-модуль тизими асосида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини такомиллаштиришдан иборат. Муҳими, кадрлар тайёрлаш борасида хорижий давлатларнинг солиқ органлари ва ўқув муассасалари билан тажриба алмашишни кенгайтириш ҳамда қўшма таълим дастурларни амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш, бюджет даромадларини шакллантиришда давлат манфаатларини ҳамда солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини таъминлай оладиган кадрларни тарбиялаш йўлга қўйилади.

2018 йилнинг биринчи ярмигача солиқ тизимига мутахассислар тайёрлаб келган Солиқ академияси ёпиқ турдаги таълим маскани бўлиб, талабаликка фақатгина Бухоро, Фарғона ва Тошкент солиқ коллежлари битирувчилари қабул қилинар эди. Тингловчилар контенгенти чегаралангани ва танлаб олинадиган талабалар фақат юқоридаги 3 та коллеж битирувчиларидан иборатлиги туфайли кириш бали паст бўларди.

Ҳозирда Бухоро, Фарғона ва Тошкент солиқ коллежлари техникумга айлантирилди. Уларда ўқиётганлар Фискал институтга кирадиган бўлса, техникумда олган билимларини қайта такрорламаслиги учун техникумлар ва Фискал институтда ўқитиладиган дастурлар тартибга келтирилмоқда.

Фискал институт солиқ соҳасида ишлашни хоҳлаган барча ёшларнинг тестларда қатнашиши ва барча хоҳловчиларнинг ўқишга киришига имкон беради.

Асосийси, тўрт йиллик таҳсилнинг сўнгги йилида талаба машғулотларни доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияларида амалиёт ўташ билан бирга олиб боради. Яъни, талаба институтда олган уч йиллик билимини амалиёт билан боғлаб, ўз иқтидори ва билимини мустаҳкамлаши, ижобий томондан кўрсатиб, институтни тамомлагач, доимий яшаш жойидаги давлат солиқ инспекциясида ишга қабул қилиниши учун имкон берилади.

Бундан ташқари, иқтисодиёт йўналишидаги техникумларни битирган ёшлар имтиҳонсиз, якка тартибдаги суҳбат асосида Фискал институтининг 2-курсидан қабул қилинади.

Насриддин ЖАЙСАНОВ,

ДСҚ Малака ошириш маркази вилоят филиали бўлим бошлиғи.