Ишлаб, иш билан банд эмас, аммо ишсиз ҳам бўлмаган шахслар ҳақида ёки фрилансинг нимани англатади?

Юртимизда бирор корхона, идора ёки ташкилотда ўзига қулай иш тополмасдан юрган, доимий иш ҳақига эга бўлмаган, бироқ турли мавсумий меҳнат билан банд бўлган ёки оиласида томорқа билан шуғулланиб, даромад топадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо уларнинг фаолияти ҳеч қаерда қайд этилмасди. Бу эса шу тоифадаги аҳолининг пенсия ёшига етганда нафақа тайинлаш учун талаб қилинадиган меҳнат стажи йўқлиги муаммосини келтириб чиқарди.

Улар бирор жойда фаолият кўрсатади, даромад топади, аммо расман қайд этилмагач, ишсиз ҳисобланади. Бундай шахслар ишлаб иш билан банд эмас ва ишсиз ҳам эмас.

Бу ижтимоий муаммога Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги “Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисида”ги ҳамда Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари барҳам берди.

Келинг, ҳолатни батафсил таҳлил қилайлик.

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга меҳнат гувоҳномаси меҳнат органлари томонидан уларнинг доимий яшаш жойидан қатъи назар, фаолият кўрсатаётган жойида пулли асосида берилади. Демак, расман ёлланиб якка тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган, ўзи ишлаб, бировнинг меҳнатидан фойдаланмайдиган, жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этадиган фуқаролар ўзини ўзи иш билан банд қилган аҳолига киради. Шунингдек, иш ва хизматларни кўрсатишда фаолиятини мустақил амалга оширадиган, шу йўл билан даромад топадиганлар вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериладиган шахс ҳисобланади.

Юқоридаги принцип асосида вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилган санадан бошлаб пенсияни ҳисоблаб чиққунга қадар амал қилади. Ушбу ҳужжат унинг меҳнат стажига асос бўлиб ҳисобланади. Ўзини ўзи банд қилган мақомига эга бўлган бундай фуқароларни ташкилотлар томонидан шартнома асосида хизматлар кўрсатиш  бўйича фаолиятга жалб қилиш мумкин. Фақат битта хусусияти, бундай фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқиш объекти ҳисобланмайди. Демак, уларга тўланган иш ҳақи умумий иш ҳақи фондига киритилмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлда “Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисида”ги қарори эълон қилинганди. Бу ҳужжатда “вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилганлиги учун тўлов ундиришдан тушган маблағнинг 60 фоизи бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига - ўзини ўзи банд қилган фуқаро томонидан ягона ижтимоий тўловни тўлаш ҳисобига йўналтирилади. 20 фоизи Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига, 20 фоизи туман ва шаҳарлар бюджетларига йўналтирилиши белгиланган. Ўзини ўзи банд қилган фуқаро бу ҳужжатга асосан вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси амал қиладиган даврда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланадиган ишсизлик бўйича нафақани ва касбга ўқиш даврида стипендияни ололмайди.

Солиқ кодексига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди. Ушбу ҳолатда ўзини ўзи иш билан таъминлаган аҳолининг даромадларидан солиқ ушланмайди. Бу ҳам аҳолига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун қўшимча имконият бўлиб ҳисобланади. Шу йўл билан ҳам аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратилади.

Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида амалга оширилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахсларга рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берилади. Бу ушбу шахсга махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Агар шундай бўлса, олдинги қарор билан белгиланган вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади.

Амалдаги тартиб бўйича, ўзини ўзи банд қилган шахслар, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан ва топган даромадидан қатъи назар айланмадан солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизини тўлайди.

Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади. Шу билан бирга ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қила олмаслиги ҳамда иш берувчига эга бўла олмаслиги тўғрисидаги талаб сақланиб қолади. Бундай шахсларда имкониятлар пайдо бўлиши билан тадбиркорлик фаолиятини очиб, аҳолининг тадбиркорлик қатламига ўтиши мумкин.

Юқоридаги қарорда ўзини ўзи банд қилган шахсларни фрилансинг, деб аталиши ва мос равишда уларга бир қанча ҳуқуқлар берилиши кўзда тутилган. Хўш, бу атама нимани англатади?

Бу сўз инглиз тилидан таржима қилинганда эркин ходим (эркин ишчи) маъносини англатади. Бундай ходимлар ишларини (хизматларини) масофадан туриб ахборот коммуникация ресурслари, оммавий ахборот воситалари ва ўзларининг шахсий узатув воситалари ёрдамида ўзлари тавсия қилади. Бу хизмат бировларнинг иштирокисиз икки томонлама амалга оширилади. Ҳозирги пайтда бундай хизмат турлари Ғарбий Европа ва АҚШда кенг тарқалган. Бундай хизматга бизда ҳам эҳтиёжлар бор. Демак, энди бизда ҳам ривожланади.

Хулоса қилиб айтганда, ўзини ўзи иш билан таъминлашнинг моҳияти ҳамон тўлиқ очиб берилмаган ва янги тушунча бўлган фрилансинг тушунчасининг мазмуни ҳақида деярли тадқиқот олиб борилмаган экан. Буларни инобатга олиб, ўзини ўзи иш билан банд қилиш ва фрилансинг тушунчаларининг мазмуни расмий манбаларга таянган ҳолда очиб берилди ва уларни амалга ошириш механизмлари ёритилди.

Мамаюнус Пардаев,

СамИСИ профессори.