Ишсизларга ер ажратиш қанчалик самара беряпти?

Республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари дунёнинг 90 дан зиёд давлатига экспорт қилинмоқда. Мева-сабзавот ва дуккакли маҳсулотларнинг экспорт ҳажми кейинги беш йилда 2 баробарга ортди.

Энди аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш ва қишлоқ хўжалик ерларини ижарага бериш орқали маҳсулот ҳажмини кўпайтириш, қайта ишлашни ташкил этиш ва ерларнинг унумдор  қатламини асраш мақсад қилинган. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 ноябрда “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжат асосида вилоятдаги 668 та маҳаллада 23,6 минг гектардан ортиқ ер майдони қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш учун аҳолига ижарага берилган. Жумладан, Паст Дарғом туманида 97 та маҳаллада 3438 гектар ер майдони 11,2 минг лотга бўлинган ҳолда ишсиз фуқаролар ва ёшларга ажратилган.

Туманимизда 3438 гектар майдонда ташкил этилган 11,2 мингдан ортиқ деҳқон хўжаликларининг барчасига лидер тадбиркорлар бириктирилган, - дейди камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш туман бўлими шуъба бошлиғи Алим Тоиров. – Лидер тадбиркорлар ерни тайёрлашдан бошлаб сифатли уруғ билан таъминлаш, маҳсулотни харид қилишгача бўлган жараёнда деҳқонга ёрдам беради. Яъни, деҳқонлар фақат ерга ишлов бериш ва маҳсулот етиштириш билан шуғулланади.

Шунингдек, туманимизда 63 мингдан ортиқ томорқа хўжалиги ва улар ихтиёрида 6293 гектар экин майдони бор. Томорқа хўжаликларининг барчасида баҳорги экинлар экилиши таъминланди ва эртаки экинлардан 5666 тонна маҳсулот етиштириши кўзда тутилган. Ҳар бир маҳалладаги томорқа хўжаликларига ҳам юқорида айтилган лидер тадбиркорлар бириктирилиб, улар томорқаларни сифатли уруғ билан таъминлаяпти ва етиштирилган маҳсулотни харид қилмоқда.

Аҳолининг бизнес ташаббуслари қўллаб-қувватланади

“Сайхунобод” тажрибаси асосида туманда 1071 та микро лойиҳа шакллантирилди. Амалда эса қиймати 55 миллиард 767 миллион сўмлик 1435 та лойиҳа ишга туширилди. Бунинг учун ташаббускорларнинг 36,5 миллиард сўм ўз маблағи ва 19,2 миллиард сўм банк кредити жалб этилиб, 2959 та иш ўрни яратилди ва режадаги лойиҳаларнинг бажарилиши 135 фоизни ташкил этди.

2023 йил 31 январда Президентимизнинг “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Ушбу қарор билан аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда кичик бизнес ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилиш, дастурлар бўйича аввал кредитлардан фойдаланмаган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш белгиланган.

Шу асосда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ҳоким ёрдамчиларининг тавсияси билан жорий йилнинг биринчи чорагида 881 та лойиҳага 19,4 миллиард сўм кредит ажратилди.

Биргина қишлоқ хўжалиги чорвачилик йўналиши таҳлил қилинганда Чандир, Дўстлик, Навбаҳор, Янги авлод, Хончорбоғ, Чимбой, Боғишамол, Учтепа маҳаллаларида аҳолининг амалий кўникмасидан келиб чиқиб, ҳар бирида 50-100 тагача хонадонда наслли чорва моллари боқилмоқда. Янгиобод, Қўқони, Беклар, Гўзалкент, Олтиқаҳрамон, Чархин, Улуғбек маҳаллаларида 30-50 тагача хонадонда оилавий тадбиркорлик дастури доирасида хизмат кўрсатиш ва савдо йўналишларида тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Натижада 321 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда 19,4 миллиард сўм кредит ҳисобига 881 та микролойиҳа амалга оширилиб, 2202 та иш ўрни яратилди. Йил якунигача маҳаллаларда 3500 дан ортиқ микролойиҳани амалга ошириш учун 70 миллиард сўм кредит йўналтириш кутилмоқда. Бу орқали жойларда яна 1000 дан ортиқ хонадонда 4 мингдан кўп янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Қулупнай даромадидан “Дамас”

Туманнинг Қўқони маҳалласи “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида қулупнайчиликка ихтисослашган. Ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган фуқароларга ажратилган ижара ерларда ҳам деҳқонлар ушбу сердаромад экинни экмоқда. Шу маҳаллада яшовчи Латофат Йўлдошева ишсизлиги туфайли “Ёшлар дафтари”га киритилганди. 2022 йилда унга 10 йил ижара муддати билан 15 сотих ер майдони ажратилди.

Келинимга ажратилган ерда биринчи йил картошка, ловия экдик, иккинчи йил ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан аввал томорқамиздаги 4,5 сотихга қулупнай экдик, - дейди Эркин Жалилов. – Янгийўлдаги деҳқонлардан тажриба учун қулупнайнинг серҳосил навлари, даромадни ошириш, янги ва иқлимга мос навларни ўргандим. Ҳозир Кореянинг “Мин Хиён” ва “Кеннесбери” навларини экамиз. Чунки бу нав кўриниши чиройли, бозоргир бўлиб, эккандан ҳосил беради. Лекин ҳар йили кўчатни янгилаймиз. Негаки, иккинчи йилдан қулупнай ҳосили майдалашиб қолади. Шунинг учун август ойида янги кўчат экилиб, ноябрдан июнь ойигача дугали иссиқхона қилиб ҳосил етиштирамиз. 2024 йил ноябрь ойида 30 йил муддатга яна 40 сотих ер олдик. Энди қўшниларимиз, маҳалладошлар ҳам қулупнай етиштиришни бошлашди. Ўтган йили қулупнайдан 150 миллион сўм даромад, шундан 100 миллион сўм соф фойда олдик ва “Дамас” машинаси харид қилдик. Бу йил ер кўпайди, энди оиламиздагиларнинг барчаси шу ерда меҳнат билан банд бўламиз.

Тумандаги Чандир маҳалласида 2700 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 2022 йилда маҳаллада ишсизлик даражаси 14 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич ижарага ер ажратиш, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, касаначилик каби тармоқларнинг ишга туширилиши ҳисобига 5 фоизгача қисқарди. Маҳалла асосан деҳқончилик ва чорвачиликка ихтисослашгани боис хорижда ишлаётган 100 дан ортиқ меҳнат муҳожирлари ҳам келиб, имтиёзли кредит олиб чорвачилик билан шуғулланиш истагини билдирмоқда.        

Маҳалладаги 132 нафар ишсиз фуқарога аукцион орқали 87 гектар ер майдони ажратилган. “Сурайё Акобир” масъулияти чекланган жамияти деҳқон хўжаликларини сифатли уруғ билан таъминлаб, етиштирилган ҳосилни харид қилади ва Туркия, Озарбойжон, Грузия давлатларига экспорт қилмоқда.

Оиламизда 7 киши яшаймиз ва мен ягона боқувчиман, - дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Суннат Қурбонов. – 2024 йилда ишсиз фуқароларга мўлжалланган ердан 40 сотих ер олдим ва ловия экиб, 1 тонна ҳосилдан 18 миллион сўм даромад қилдим. Бўшаган ерга ғалла экиб, 2,5 тонна дон ғамладик. Энди ерга янада ҳосилдор экинлар экиш ва юқори даромад олиш, йўлларини излаяпман.

Ўктам Худойбердиев.