Иштихондаги МТТнинг хўжалик мудири фирибгарликда айбланди
Инсоннинг катта душмани - бу унинг нафси. Баъзида бойликка ўчлик ортидан нафс домига тушган кимсалар барча нарсасидан бир зумда маҳрум бўлади.
Э.С. оилали, икки нафар фарзанднинг отаси. Қўнғирот МФЙдаги Каттатўқмоқ қишлоғида яшайди. Тумандаги мактабгача таълим бўлимида хўжалик мудири вазифасида ишлайди. Унга «Жаҳонгир чорвалари» МЧЖ раҳбари Жаҳонгир Ш. МТТ билан гўшт махсулотлари етказиб беришга шартнома тузиш учун бўлим бошлиғига 1 миллион сўм миқдорида пора бериш лозимлигини тушунтиради.
2019 йил 11 май куни соат 11.00 ларда Жаҳонгир Ш.дан 1 миллион сўм миқдордаги пулларни Иштихон кўчасида жойлашган Истироҳат боғига кираверишда ўз бошқарувидаги автомашина салонида олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди. Натижада хўжалик мудирининг фирибгарлик жинояти охирига етмай қолди.
Ушбу ҳаракатлари билан судланувчи Ўзбекистон Республикаси ЖК 25, 168-моддасининг 1-қисми ва 25, 28, 211-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун жазога тортилди.
Ф.ҲАМРОҚУЛОВ,
ИЖҚК Департаменти Иштихон туман бўлими бошлиғи.