Иштихондаги хонадонда Йўлбарс питони сақланаётгани аниқланди
Экология бошқармаси хабарига кўра, Иштихон туманида яшовчи Б.М томонидан Халқаро қизил китобга киритилган, мамлакатга ноқонуний йўл билан олиб кирилган Йўлбарс питонини сақлаб келиб, таълим масканларида томошалар қуйиб келган.
Мазкур ҳолат туман ИИБ томонидан аниқланган ва Самарқанд вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасига хабар берилган. Бошқарма ходимлари ҳолат юзасидан тезкор ўрганиш ўтказиши жараёнида мазкур Йўлбарс питони узунлиги 2.78 метр эни 28 см эканлиги қайд этилган.
Аслида мазкур питонларнинг тана узунлиги жинсга (урғочилар одатда эркакларникидан каттароқ) ва турмуш тарзига қараб 1,5 дан 4 метргача ёки ундан кўп ўзгариши мумкин. Ушбу тур учун қайд этилган энг катта узунлик — 4,6 метр, вазни эса 52 кг. ранги ўзгарувчан. Танада ҳар хил шаклдаги катта тўқ жигарранг доғлар оч сарғиш-жигарранг ёки сарғиш-зайтун фонида тарқалиб, мураккаб нақш ҳосил қилади. Бошнинг тепасида қоронғи ўқ шаклидаги нуқта бор. Мазкур илонлар тутқунликда 25 йилгача умри кўришади.
Ҳозирда Йўлбарс питони Самарқанд вилоят Экология бошқармаси ҳимоясига олиниб, Зарафшон миллий табиат боғи реабилитация марказида боғ мутахассислари томонидан махсус кўрикдан ўтказилмоқда ва вақтинча сақланмоқда.