Индонезияда Самарқанднинг инвестицион салоҳияти тарғиб қилинди
Индонезияда ўтказилган "Ўзбекистон–Индонезия ҳамкорлик форуми" икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда муҳим платформага айланди. Форум доирасида ташкил этилган “Самарқандда бизнес қилинг” мавзусидаги махсус тадбир тадбиркорлар, инвесторлар ва расмий доиралар вакилларини бир жойга жамлаб, ўзаро манфаатли мулоқот учун кенг имконият яратди.
Тадбирда асосий эътибор Самарқанднинг инвестицион салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилди. Хусусан, Индонезия бизнес вакилларига Самарқанд вилояти ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Иштирокчиларга қулай бизнес муҳити, солиқ имтиёзлари, эркин иқтисодий зоналар ҳамда логистика инфратузилмаси тақдимот қилинди.
Форумда сўзга чиққан Адиз Бобоев сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани тўғрисида тўхталиб, ўзаро савдо ҳажми изчил ортиб бораётганини ва туризм соҳасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланаётганини таъкидлади.
“Самарқандда бизнес қилинг” тадбири доирасида Б2Б ва Г2Б форматидаги учрашувлар, инвестиция тақдимотлари ва икки томонлама музокаралар ташкил этилди. Айрим истиқболли лойиҳалар юзасидан меморандум ва шартномалар имзоланди. Бу эса амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тадбир иштирокчилари Самарқанднинг бой тарихий мероси ва замонавий инфратузилмаси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди. Бу эса нафақат иқтисодий, балки маданий алоқаларни ҳам мустаҳкамлашга замин яратди.