Исроил Мадримовда ғалаба, Муроджон Аҳмадалиев эса мағлуб бўлди
Исроил Мадримов ва Муроджон Аҳмадалиев Америка Қўшма Штатларининг Сан-Антонио шаҳрида профессионал боксдаги навбатдаги жангини ўтказди.
Унда супер яримўрта вазн тоифасида ўзбекистонлик профессионал боксчи Исроил Мадримов (9-0-1) ўзи учун янги — ўрта вазн тоифасида рингга кўтарилди. Унга америкалик Рафаэль Игбокве (16-4) рақиблик қилди.
10 раундга мўлжалланган жанг тўлиқ давом этди ва унда ҳакамлар қарори билан (100-90, 99-91, 99-91) ҳамюртимиз ғалаба қозонди.
Бу Исроил Мадримов учун профессионал фаолиятидаги тўққизинчи ғалаба бўлди.
Иккинчи енгил вазн тоифасида WBA ва IBF чемпионлик камарлари соҳиби, ўзбекистонлик профессионал боксчи Муроджон Аҳмадалиевга эса филиппинлик Марлон Тапалес рақиблик қилди.
12 раундга мўлжалланган жанг тўлиқ давом этди, афсуски, ҳакамлар қарори билан филиппинлик боксчи ғалаба қозонди.
Бу Муроджон Аҳмадалиев учун тўртинчи ҳимоя жанги эди. Эндиликда филиппинлик Марлон Тапалес катта эҳтимол билан мутлақ чемпионлик учун Стивен Фултон — Наоя Иноуэ жанги ғолибига қарши рингга чиқади.