Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Исроилдан мактуб: Тез ёрдам чақирса, аввал ҳамшира келади

Узоқ йиллар ҳамшира сифатида фаолият юритдим. Вақт ўтиб, билимимни ошириш учун ҳозирги Самарқанд давлат тиббиёт университетитинг олий ҳамширалик факультетини ҳам тугатиб, ишладим. Касбимни жуда яхши кўраман ва доим уни такомиллаштириш, ҳамшираларнинг жамиятдаги ролини ошириш бўйича ўз фикрларимни Самарқандда ишлаб юрган кезларим ҳам билдирганман.

Айни пайтда Исроил давлатидаман. Келганимдан буён бу ердаги тиббиёт, хусусан, ҳамширалар фаолиятини кузатишга ҳаракат қиламан. Яхшиси, буни бир мисол орқали тушунтириб берсам. Бир куни мен парвариш қилаётган 93 ёшли онахоннинг мазаси қочиб қолди. Мен бу ҳақда унинг оиласидагиларга хабар бердим, улар ўз навбатида тез тиббий ёрдам хизматига қўнғироқ қилди. Орадан беш дақиқа ўтгач, ҳамшира келди. Аввалига ҳайрон қолгандим. Кейин бу ҳақда батафсил маълумотга эга бўлдим. Тез ёрдам бўлимидагилар уни чақирган хонадонга энг яқин бўлган масофада истиқомат қилувчи ходимига, яъни ҳамширага боғланар экан. Ҳамшира уйида бўлса-да, доим ўзига зарур тиббий воситалар, дори қутиси билан юради. Ҳамшира беморни кўргач, унинг вазиятини баҳолайди, зарур бўлганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатади. Фақат эҳтиёж бўлсагина, шундан сўнг тиббий ёрдам бригадасини чақиртиради. Ҳамшира хулосасидан сўнг бемор уйда қолади ёки тез ёрдам келиб, уни шифохонага олиб кетар экан. 

Ҳамширага билдирилган ишонч ва мазкур жараёнда унга юклатилган вазифа унинг масъулиятини оширибгина қолмай, иш ҳақига қўшимча рағбат бўлади. Шунингдек, тез ёрдам чақирувлари камайиб, шифокор меҳнатига эҳтиёж кўпроқ бўлган беморнинг ёнида бўлишига имконият ошади.

Юртимизда айни кунларда тиббиётга қаратилаётган эътиборни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кўриб, кузатиб боряпмиз. Кейинги йилларда ҳамширалар хизмати, уларнинг тизимдаги ролини оширишга эътибор қаратилаётгани жуда яхши. Бугун айниқса, олий маълумотли ҳамширалар сони ортаётганини инобатга олиб, уларнинг масъулиятини ошириш, рағбатлантириш фурсати келди, деб ўйлайман.

Шаҳодат Ботирқулова,

Исроил, Тель-Авив.