Жаҳон адабиёти манзаралари

Адабий алоқалар, таржимачилик, илғор адабиётларнинг ҳаётбахш анъаналарини ўзлаштириш барча замонларда ҳам миллий адабиётларнинг кейинги равнақини белгилаб келган. Самарқанд илмий-адабий муҳитида шаклланган профеcсор Муҳаммаджон Холбековнинг «ХХ аср жаҳон адабиёти манзаралари» китоби «Mumtoz so‘z» нашриёти, 2020 йил) кейинги йилларда ўзбек адабиётшунослигида бу борада яратилган муҳим манбалардан ҳисобланади.

Модернизм қандай ҳодиса? Уни келтириб чиқарган омиллар нималардан иборат? У илгари сурган ғоялар ўзга қитъаларда қандай акс-садо берди? Чинданам унинг ақидалари шўро мафкурасига ётмиди?

 М.Холбеков 700 саҳифалик ушбу тадқиқотида ана шу саволларга атрофлича ва батафсил жавоб излайди. Муҳими шундаки, олим илмий-назарий қарашларини конкрет асарлар таҳлилидан келтириб чиқаради. Адабиётшунос ХХ аср модернизм прозасининг тадрижий талқинини Марсел Пруст, Жеймс Жойс,  Франс Кафка, Уильям Фолкнер, Эрнест Хеменгуэй кабилар ижоди мисолида кўрсатса,  модернизм шеъриятининг хос белгиларини Томас Элиот, Гиом Аполлинер асарлари таҳлили билан далиллайди. Модернизм эстетикасининг асосларини эса «аср одами» Жан-Поль Сартр, «ғарб виждони» Алберь Камюларнинг бадиий, илмий-эститик қарашлари талқинида умумлаштиради.

Модернизм ҳодисаси ҳаётга теранроқ назар солиш, воқеликдаги ҳар бир ҳодисотни ўз номи билан аташ, шахс ва жамиятнинг ички жараёнларида кечаётган ижтимоий, руҳий-психологик ўзгаришларига аниқ ташхис қўйиш ҳамда ўзигача мавжуд бўлган китобийликдан қутулиш истагида пайдо бўлган ўзига хос адабий методдир. Профессор М.Холибеков модернизмнинг юзага келишига асос бўлган сабабларни ХIХ аср охири ХХ аср бошлари фалсафасида пессемизм, иррационализм ва индивидуализм каби йўналишларнинг устунлик қила бошлаганлигида деб ҳисоблайди. Қисқароқ айтганда, француз шоири Шарль Бодлернинг «Биз ҳаммамиз ҳаётда гўёки адабий дафн маросимида қатнашаётгандекмиз» – мазмунидаги ҳикматли сўзлари модернизм моҳиятини образли ифода эта олади.

Ўтган асрнинг 60-йилларига келиб, модернизм ўз умрини яшаб бўлди ва ўрнини постмодернизмга бўшатиб берди. М.Холбеков постмодернизм адабиёти хусусида мулоҳаза юритар экан, мослашувчанлик ва келишувчанликни унинг хос аломатлари сифатида эътироф этади.

М.Холбековнинг мазкур тадқиқотида мавзу кенг қамраб олинган. Унда салкам бир ярим асрлик давр мобайнида жаҳон адабиётида кечган ижодий таълимотларнинг келиб чиқиш манбалари, шаклланиши, тараққиёт тенденциялари билан боғлиқ муҳим ҳолатлар, илмий-адабий концепциялар атрофлича ўрганилган ва муайян хулосалар чиқарилган.

Муаллифнинг интеллектуал роман, онг оқими, ғарб модерн драмаси,  француз «Бульвар театри» каби илмий-назарий масалалар тадқиқ этилган мақолалари фикр ва мулоҳазаларга бойлиги  ҳамда теран хулосалари билан эътиборни тортади. Шунингдек, ўзбек адабиётшунослигида кам ўрганилган масалаларни янгича кузатувлар асосида фундаментал ўрганилганлиги мазкур асарнинг муҳим илмий-назарий манбалигини ҳам тайин этади.

Шавкат ҲАСАНОВ,

СамДУ профессори.