Жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш – давр талаби

Жорий йилнинг 9 январь куни Президентимиз томонидан “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” фармон қабул қилинди.

Унда жамиятда яшаётган ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳамда унинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ўзаро ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини янада оширишга тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги қайд этиб ўтилган.

Таъкидланганидек, аввало ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда жойларда ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилмасдан, узоқ йиллар давомида бу масалалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва айрим давлат органларининг иши сифатида қараб келинди. Бунда асосан оила, маҳалла ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг иштироки етарлича таъминланмади.

Шу сабабли фармонда ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги белгиланди.

Бундан ташқари, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш учун ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича

ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш каби вазифалар белгилаб берилди.

Яна бир муҳим жиҳат мактабгача таълим муассасаларида “Бола ҳуқуқлари ва мажбуриятлари” мавзусидаги машғулотларни юксак малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда кўргазмали тарзда тизимли жорий этиш зарурлиги қайд этилди.

Ҳозир юртимизда барча жабҳаларда туб ўзгаришлар юз бераётган масъулиятли паллада ҳуқуқий тарбия¬нинг барча шакл ва усулларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этишини ёддан чиқармаслигимиз лозим. Бунда жамият яшаётган ҳар бир шахснинг умумий касбий маданияти, сиёсий, ахлоқий салоҳияти инобатга олинса, кўзланган натижага эришиш осон кечади.

  Баходир ҚАРШИЕВ,

Самарқанд вилояти ҳокимлиги юридик хизмат бош юрисконсульти.