Жамоавий иммунитет орқали коронавирусга қарши курашиш нега хавфли?

АОКА штабида бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова жамоавий иммунитет ҳосил қилиш йўли билан короновирусга қарши қандай курашиш мумкинлиги, унинг юқори хавф даражаси ҳақида маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, жамоавий иммунитет ҳосил қилиш йўли билан короновирусга қарши курашиш ҳам бир усул. Лекин бу жуда хавфли. Чунки коронавирусга нисбатан оммавий иммунитет шаклланиши учун аҳолининг 60 фоиздан 80 фоизгача қисми касалланиб, соғайиши керак.

Кўплаб одамларнинг ҳаётини, айниқса, хавф гуруҳига кирувчи: сурункали касалликлари бор, ёши катталар, ҳомиладорлар ва болаларни хавф остига қўйишимиз мумкин.

Кўп одамларнинг касалланиши, даволаниши ва иммунитет ҳосил қилиши учун бир неча йиллар керак бўлади. Шунингдек эпидемияни олдини олмасак, инфекция тарқалиши ривожланиб кетади. Оқибатда касалланиш ҳолатлари ортиб кетади, бунинг натижасида клиникаларда бемор кўпайиб, соҳага босим ортади, ўлим сони ортади.

Шунинг учун ушбу йўлни Ўзбекистон ҳеч қачон танламайди. Аксинча пандемияни назоратда ушлаб туриб кўп вақт давомида камроқ одамлар касал бўлишига эришишимиз мумкин.

Шу давр ичида эса вакцина масаласи ҳам ҳал бўлиши мумкин.