Жасоратли одам ҳамиша қудратлидир
Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни юртимизда кенг нишонланмоқда.
Бу байрамнинг умумхалқ миқёсда яхши нишонланаётгани, қадрланиб бораётганлиги, нуфузи ошаётганлигининг иккита сабаби бор.
Биринчиси, халқимизнинг қонида жасорат, ватанпарварлик каби эзгу фазилатларнинг борлиги.
Иккинчиси эса давлатнинг ана шу фазилатларни қўллаб-қувватлаётганлигидир.
Қолаверса, давлатимиз "Агар сен ўз армиянгни боқмайдиган бўлсанг, бошқа бировнинг армиясини боқасан" деган дунёвий нақлга, талабга амал қилаётганлигидир.
Биз эртаклар, китоблар ўқиб ўрганганмиз. Барча китобларда, у тарихий бўладими, замонавий бўладими ёки эртакми – барчасида яхшилик ёвузлик устидан ғалаба қозонади. Бошқача айтганда, яхшилар мурод-у мақсадига етади.
Бунинг асосий сабаби - ўша душманларни, ёмонликни енгишга жасорат билан отланган халқ қаҳрамонлари бўлган. Халқ қаҳрамонлари Ватанни ҳимоя қилган. Ватанни ҳимоя қилиш унинг тупроғини ҳимоя қилиш эмас, унинг чегарасида туриш эмас, балки шу Ватанда яшовчи ўзининг авлодлари, аждодлари шаънини ҳимоя қилиш, дегани. Бу жуда катта тушунча. Шунинг учун ҳам онгимизда, шууримизда, умуман, халқимизда, катта-кичик - барчада ёмонликка нисбатан нафрат, яхшиларга нисбатан ҳурмат қолган.
Биз бугун салобатли ҳарбийларимизни, умуман, ҳарбий либос кийганларни кўрсак уларга эътибор берамиз ва ҳавас қиламиз.
Биз ўзимиз ҳам, менинг авлодим ҳам ҳарбий хизматдан қайтганларнинг шижоатини, уларнинг вужудини, танаси чиройлилигини, жисмоний тарбия билан шуғулланиб пишиқ бўлиб етилганини кўриб, ҳавас қилганмиз. Ва биз ҳам армияга борсак, ҳарбий бўлсак деб орзу қилганмиз.
Жасорат дегани бу - фақатгина куч-қувват, бировнинг ҳавасини келтириш, чиройли ҳаракатлар қилишгина эмас. Жасорат ўз-ўзидан пайдо бўлмайди.
Инсон қачон жасорат қилади? Қачонки, унинг ақли тугал ишласа, унинг заковати бўлса, унинг фаросати бўлса. Шунинг учун ҳам Абдураҳмон Жомий айтганки, кучлилик, бақувватлилик бу - билагингдаги қувват эмас, балки жаҳлни енга олишдир.
Жаҳл – бу муносабатдаги туйғулар, ўзгаришлар. Ана шуларни йўлга сола олсак, биз ҳамма вақт дунёга устунлик қиламиз.
Қолаверса, глобаллашув жараёни ҳам бизга жуда кўп нарсаларни ўргатяпти. Атроф билан муомала қилишда, муносабат ўрнатишда ҳамма вақт албатта, армиямиз қудратли бўлиши керак, ўзини ҳимоя қила олиши керак. Лекин халқимиз нафақат Ватанини, айтайлик, ўз ғояларини, ўз мақсадини ҳам ҳимоя қила оладиган даражада бўлиши зарур.
Давлатимиз раҳбари ҳарбий соҳани ислоҳ қилишда айнан ана шу йўналишга катта урғу бераётгани бежиз эмас. Тўғри, ҳарбий қудратимиз ривожланяпти, биз янги қурол-яроғ, ҳимоя воситалари оляпмиз. Лекин энг муҳими, биз ҳарбийларимиз сифат таркибини яхшилай олдик.
Бугун Ўзбекистон армияси қудратли армияга айланди. Бугун онгли, билимли, иқтидорли, замонавий илмлар билан қуролланган катта армияга эга бўлдик. Бугун ҳарбийларимиз жуда катта технологик операцияларни амалга оширяпти, бугун ҳарбийларимиз илм, спорт соҳасидаги мусобақаларда, халқаро анжуманларда ўзларини намойиш қиляпти.
Иккинчи томони, биз айнан ана шундай инсонларни ижтимоий ҳимоя қиляпмиз. Қай маънодаки, ҳарбийларимизга арзон уйлар қуриб бериш, ҳарбий базалари, яъни машқ базаларини кучайтириш, бундан ташқари, бутун халқимизнинг асл фарзандларини бир ой мобайнида ҳарбий кўникмаларга ўргатиш, мактаблардаги ҳарбий машқлар - булар ҳаммаси болалардаги нафақат жисмоний, балки маънавий фазилатларни ҳам шакллантиришга қаратилган.
Мисол учун, биргина Самарқанд вилоятининг ўзида кейинги икки-уч йилда кўплаб ҳарбийларга яшаш жойлари берилди. Шунга мос тарзда кўплаб бошқа иншоотлар қурилдики, уларнинг сидқидилдан хизмат қилишлари, яшашлари учун барча шароитлар яратилди.
Ҳарбийларнинг оилаларига ҳам эътибор қаратиляпти. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги аскарларнинг бир-бирлари билан, ота-оналари билан видеомулоқот орқали суҳбатини, табригини уюштириш бу - анъанага кириб қолди. Бундай воқеалар аскарларни эмас, балки уларнинг ота-оналарининг ҳам эсидан чиқмайдиган ибратли тадбирлардир. Бу, энг аввало, ёшларнинг ҳарбий хизматга қизиқишини кучайтирса, ота-оналарда ўз армиясига ҳурматни оширади, деб ўйлайман.
Шахсан ўзим ҳамиша ҳарбийларга ҳавас билан қарайман. Уларга уй топшираётганда оиласи, фарзандлари қувончини кўриб, ҳаваси келади кишининг. Ўзим бориб уйларида суҳбатлар ўтказганман. Ҳарбий қисмларга бориб учрашув ўтказиб тураман, ҳарбийларнинг кайфиятини билишга ҳаракат қиламан. Шунинг учун ҳам ҳарбий хизматнинг такомиллашганини сезяпман. Қолаверса, армиямизнинг қудрати ошганлигини кўряпман. Ақлли, заковатли, фаросатли зобитлар билан суҳбатлашиш жараёнида мен ана шу нарсага ишонч ҳосил қиляпман. Ҳарбийлардан кўп нарсани ўрганяпман, тажриба орттиряпман. Бундан фахрланаман!
Жасоратли одам ҳамиша қудратли бўлади. Қудратли инсонда эса ҳамма вақт ақл-заковат бирдай ишлайди. Бунинг ёрқин далили бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темурнинг фаолияти ва унинг тузукларда ёзгани – “Куч – адолатда”.
Ҳар қандай қудратли одам ҳам адолатли бўлмаслиги мумкин. Лекин заковатли, ақлли, фаросатли инсон ҳамиша қудратли ва адолатли бўлади. Ана шу адолатли ҳаёт бугун бизни янги марраларга элтади деб ўйлайман.
Эркинжон Турдимов,
Самарқанд вилояти ҳокими.