“Армоним шу - дадамнинг жанозасида қатнашолмадим!”
Инсон болалигида бир неча касб эгаси бўлишни орзу қилади. Аммо ҳамманинг ҳам бу истаклари амалга ошавермайди. Пайариқ тумани Баҳрин маҳалласида туғилиб ўсган Гулбаҳор Умарқулованинг спортчи, ҳарбий ва тиббиёт ходими бўлиш орзуси ушалган.
- Инсон чин дилдан истаса ва ҳаракат қилса барча орзусига етар экан, - дейди у. – Асосий мақсадим ҳарбий бўлиш эди. Аввалига яқинларим бунга қарши чиқди. Шифокор бўлиш ниятим уларга маъқул эди. Тиббиёт билим юртини тамомлаб, ҳарбий қисмда ҳамшира бўлиб ишлаш имконияти туғилди. Бунда фақат дадамгина мени қўллаб-қувватлаган. Кейин болаликдаги уч орзуим бир жойда рўёбга чиқадиган бўлди.
Гулбаҳор Умарқулова қарийб 20 йилдан бери мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги ҳарбий қисмларда фаолият кўрсатиб келяпти.
- Турмуш ўртоғим ҳам ҳарбий, - дейди Г.Умарқулова. – Ҳаёт қийинчиликларини у билан бирга енгиб, уч фарзандни тарбиялаб келяпмиз. Кўпгина ҳамкасбларимизнинг рафиқалари ҳарбийнинг турмуш ўртоғи бўлиш осонмаслигини айтишади. Мен кабиларга эса икки ҳисса масъулият юкланган. Ҳам ҳарбийнинг турмуш ўртоғи бўлиш, ҳам ҳарбий қисмда меҳнат қилиш осонмас, аммо шарафли, завқли. Бу касбни танлаганим спортчи бўлиш орзуимнинг ҳам амалга ошишига сабаб бўлди. Турли мусобақаларда қатнашиб, ўзим фаолият юритаётган ҳарбий қисм шарафини муносиб ҳимоя қиляпман.
Қаҳрамонимиз суҳбат давомида шу касбни танлаганидан фахрланиб юришини, ҳеч қачон афсусланмаганини кўп такрорлади.
- Фақат бир армоним бор, - дейди у. – Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам тақдир тақозоси билан олисда хизмат бурчимизни адо этаётган чоғимизда дадам оламдан ўтган. Мен жаноза маросимида қатнаша олмаганман. Ўша жойда туриб, у кишининг ҳақларига дуо қилиб қўйганман. Ватан ҳимоячиси сифатида бурчни бажаришга киришган илк кунларимданоқ, барча қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтишим зарурлигини, Ватан ҳимоясини ҳамма нарсадан, ҳатто жонимдан ҳам устун қўйишимни дадам кўп таъкидлар эди. Шукурки, дардкашим, сирдошим, мени дуо қилиб турадиган онам ҳаёт.
Гулбаҳор Умарқулова жасур ўғлонларнинг саломатлиги, юртимиз тинчлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб келяпти. У аёл бўлса-да, метин иродаси, мардонавор ҳаракати билан болалигидаги орзуларига эришди ва янги мақсадлар сари дадил қадам ташламоқда.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ,
Ситора РУСТАМОВА.