Ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларига қандай имтиёзлар бор?
Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 30 йиллиги муносабати билан жойларда кенг кўламли тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Мазкур муҳим сана олдидан юрт тинчлиги йўлида шарафли хизматни адо этаётганлар учун қонунчиликда белгиланган айрим имтиёзлар ҳақида тўхталишни лозим топдик.
Ҳарбий хизматга кимлар чақирилмайди?
Саломатлигига кўра, ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган чақирилувчилар;
- яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этган чақирилувчилар;
- рўйхатдан ўтган диний ташкилотлардан бирида диний рутба эгаси бўлган чақирилувчилар.
Жиноий жавобгарликка тортилган, шунингдек, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар ҳам ҳарбий хизматга чақирилмайди.
Олий таълим учун тавсия
Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарурий билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга тавсияномалар берилади.
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, тавсияномага эга бўлган фуқаролар:
- республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра ўзлари тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга;
- республикадаги ОТМнинг (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриатига ўқишга кириш учун ОТМ қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Тавсияномалар берилган санадан уч йил мобайнида амал қилади.
Оиласига имтиёз берилади
Турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда талабалар ўқишини кўчириш баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин.
Ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига таътил уларнинг хоҳишига кўра, ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилади.
Ҳарбийликка қачонгача ўқиш мумкин?
Олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари лавозимларига қабул қилинишдаги ёш цензлари 17 ёшдан 23 ёшгача (илгари 21 ёшгача бўлган) этиб белгиланган.
Шунингдек, 26 ёшгача бўлган ва олий ҳарбий таълим муассасаларида алоқа муҳандис техниги ва ҳарбий-тиббиёт ихтисослиги бўйича ўқиш истагини билдирган Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг талабалари олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари лавозимларига ўқишга қабул қилинишлари тўғрисидаги норма мавжуд.
Тизимда ёш чегараси бор
Қонун ҳужжатларида ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегаралари алоҳида белгиланган. Унга кўра:
- контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскарлар (матрослар), сержантлар (старшиналар) учун - 45 ёш;
- кичик офицерлар учун - 45 ёш;
- катта офицерлар учун - 50 ёш;
- полковниклар (1-даражадаги капитанлар) учун - 55 ёш;
- генерал-майор, генерал-лейтенант ва генерал-полковник ҳарбий унвонидаги офицерлар учун - 60 ёш.
Кўп хизмат учун кўпроқ таътил
Контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ҳар йилги навбатдаги таътилларига қўшимча тарзда, хизмат йилларининг календарь ҳисобига кўра:
- 10 йиллик ҳарбий хизматдан сўнг давомийлиги 5 суткалик;
- 15 йиллик ҳарбий хизматдан сўнг давомийлиги 10 суткалик;
- 20 йиллик ва ундан кўп ҳарбий хизматдан сўнг давомийлиги 15 суткалик қўшимча таътил берилади.
Ҳарбий хизматдан бўшатилаётган вақтда камида йигирма календарь йили мобайнида ҳарбий хизматни бенуқсон ўтаган офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга тегишли буйруқлар билан ҳарбий формани кийиш ва фарқловчи нишонларни тақиш ҳуқуқи берилади.
Бепул тиббий таъминот
Катта офицер ва генераллар таркиби билан бир қаторда резервга (истеъфога) бўшатилганидан (чиқарилганидан) сўнг ҳарбий-тиббий муассасалардаги бепул тиббий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқи хизмат йилларининг умумий давомийлиги 20 йил ва ундан ортиқ бўлган кичик офицерлар, сержант ва оддий аскарлар таркибига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслар амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга.
Яшаб турган уйига умрбод эгалик
Турар жой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибига кирувчи шахсларга амалдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно):
- Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача;
- Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида — БҲМ 3 бараваригача;
- бошқа шаҳар ва туманлар марказлари ҳамда аҳоли пунктларида — БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда тўланади.
Оила аъзолари уч киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда (ҳарбий хизматчининг ўзини ҳисобламаган ҳолда) ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади.
Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган (резервга, истеъфога бўшатилган) контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматининг умумий давомийлиги 10 ва ундан ортиқ календарь йилга етганда уй-жой қонунчилигида кўзда тутилган меъёр ва тартибларга мувофиқ, ўзлари эгаллаб турган турар жойларини бепул хусусийлаштириб олиш ҳуқуқига эга.
Бошланғич бадалсиз ипотека кредити
Уй-жой билан таъминланмаган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга уларнинг аризасига биноан узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитини бериш тизими бўйича тақдим қилинаётган ижтимоий нормаси доирасида сотиб олинадиган (қуриладиган) турар жой қийматининг 25 фоизи миқдоридаги дастлабки бадал давлат бюджети маблағлари ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланиши мумкин.
Боғчага навбатсиз қабул
Ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари яшаш жойи, шу жумладан, вақтинчалик яшаш жойи бўйича мактабгача таълим муассасалари ва ўрта таълим муассасалари, шунингдек, вазирликнинг болалар соғломлаштириш лагерларига навбатсиз қабул қилинади.
Яъни, боғчада бўш ўринлар мавжуд бўлганда ҳарбий хизматчиларнинг болаларига биринчи навбатда йўлланма берилади.
Бепул йўловчи транспорти
Ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар шаҳар йўловчи транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ярадор бўлган ҳарбий хизматчилар, ишчилар ва хизматчилардан 1 ва 2-гуруҳ уруш ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахсларга темир йўлларда йилига бир марта бепул юриш ҳуқуқи (бориш ва келишга) тақдим қилинган.