Жигарга нима даво, нима зарар?
Е витамини танани тамаки тутуни, ҳаво ифлосланиши ва радиация натижасида ҳосил бўлган зарарли моддалардан ҳимоя қилади. Организмда айнан шу зарарли моддалар билан курашиш жигарнинг чекига тушган. Шу сабабли қуйидаги маҳсулотлардан қанчалик кўп фойдаланилса жигар учун шунча яхши бўлади.
Помидор таркибидаги крахмал жигар учун ниҳоятда зарур. У жигар ҳужайраларининг тикланишига ёрдам беради.
Арпабодиёнда А, В, Е, Р, С витаминлари мавжуд. Турли тиббий дори-дармонлар тайёрланадиган арпабодён ўсимлиги жигар ҳужайраларининг тикланишида энг самарали маҳсулотлардан саналади.
Зайтун ёғи нафақат фойдали, балки организмга нафас орқали тушган зарарли моддаларни чиқариб юборувчи ҳам.
Қовоқ турли парҳезларда тавсия этилади. Уни қайнатиб, димлаб, истеъмол қилиш мумкин. Қовоқ ҳазми енгил маҳсулот бўлгани учун жигарнинг зўриқишига йўл қўймайди.
Занжабил ҳам организмни зарарли моддалардан тозалаб, қон айланишини яхшилайди. У гепатит, гепатоз каби жигар касалликлари хавфини камайтириши илмий исботланган.
Қуритилган ўрик Е витаминига бой. Бу дармондори жигар тўқимасини тиклаш жараёнларини кучайтиради. Илмий изланишлар туршак жигар касалликларининг олдини олишини кўрсатган. Ҳар кун тўрт дона туршак ейишни одат қилинг.
Лавлагининг жигар учун қанчалик фойдали эканлигини ҳамма ҳам билмайди. Сабзавот таркибида оқсилни сингдиришга ёрдам берувчи бетаин моддаси мавжуд. Бетаин, шунингдек, қон босимини пасайтиради, атеросклероз ривожланишига тўсқинлик қилади ва ёғли жигарнинг олдини олади. Лавлаги истеъмоли хом, пиширилган ёки қайнатилган ҳолда бирдек фойдали.
Хом ёки димлаб пиширилган олма жигарни тозалаш хусусиятига эга. Олмадаги пектин моддаси ичак ва жигарда тўпланган токсинларни бартараф этиш билан жигар ишини енгиллаштиради.
Тезпишар яримтайёр таомлар, спиртли ичимликлар, ширин ва ёғли овқатларнинг жигарга зарарини кўпчилик билар, аммо шовул (отқулоқ) ва клюкванинг жигар касалликларида организмга зарар етказишидан хабарингиз борми? Жигари саломатлигига озгина бўлса ҳам гумони борлар шу ва шунга турдош маҳсулотлар истеъмолидан сақланганлари маъқул. Шунингдек, соғлом жигар учун ушбу маҳсулотлар истеъмоли тавсия этилмайди:
- жуда ёғли таомлар;
- фаст-фуд;
- қандолат маҳсулотлари ва ширинликлар;
- дудланган гўшт;
- отқулоқ (шовул), янги узилган клюква;
- маринадлар ва консервалар;
- аччиқ ва турли хил зираворлар;
- ширин газланган ичимликлар;
- спиртли ичимликлар.
- ҳаддан зиёд дори-дармонлар.
Дилора Холиқова тайёрлади.