Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди

Бу ўзгартишлар қонун устуворлиги ва адолат тантанаси, одамлар рози бўлиши учун хизмат қилади.

2021 йил 18 февралда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Аввало, қонун билан “Кўрсатувларни мустаҳкамлаб қўйиш” деб номланган янги амалиёт жорий этилди. Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш – гувоҳ ва жабрланувчини ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига кўра сўроқ қилиш бўлиб, у суд томонидан амалга оширилади.

Гувоҳни, жабрланувчини (фуқаровий даъвогарни) объектив сабабларга кўра (Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетиши, уларда жиноят ишини юритишда иштирок этишни истисно қиладиган оғир ва давомли касаллик мавжудлиги ва шу каби сабаблар) ишни судга қадар юритиш ёки суд муҳокамаси чоғида кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қолади деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда, уларнинг кўрсатувлари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин.

“Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув”, деб номланган яна бир муҳим янгилик жорий этилди. Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув – жиноят ишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бирлаштириш, айблов далолатномаси ёки хулосасини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни прокурорга юбориш ҳамда номақбул далилларни чиқариб ташлаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади.

Дастлабки эшитувни ўтказиш давомийлиги 10 суткадан ошмаслиги керак.

Дастлабки эшитувда суд муҳокамасига қўйилган масалалар ҳамда иш юзасидан тўпланган далиллар мажмуаси етарлилиги ва мақбуллиги ўрганилади. Жиноят-процессида дастлабки эшитув тергов ва суриштирув органларининг хатти-ҳаракатлари қонунга мувофиқлиги юзасидан бевосита суд назорати ҳисобланади.

Демак, дастлабки эшитув жорий этилиши суднинг процессуал ваколатларини мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришга, натижада суд, дастлабки тергов органлари ҳамда фуқароларнинг вақти ва саъй-ҳаракатларининг тежалиши, жиноят ишлари юритувига жалб этилган шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тез фурсатда тикланишини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, қонунда “Жиноят ишлари бўйича айбга иқрорлик тўғрисида келишув” жорий қилинди.

Айбга иқрорлик тўғрисида келишув – ўта оғир жиноят ҳисобланмайдиган жиноятлар бўйича айбига иқрор бўлган, жиноятни очишга кўмаклашган ва зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан прокурор билан тузиладиган келишув.

Қонун билан Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган ҳолда тайинланади.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишувдир.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув қуйидаги шартлар мавжуд бўлган тақдирда тузилади:

- гумон қилинувчи, айбланувчи ўз ҳаракатларининг моҳиятини, шунингдек ўзи берган илтимосноманинг оқибатини англаб етган бўлса;

- илтимоснома ихтиёрий равишда ва ишда иштирок этаётган ҳимоячи билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан кейин берилган бўлса;

- гумон қилинувчи, айбланувчи суриштирув ёки тергов органи томонидан қўйилган гумонни ёхуд айбловни, иш бўйича мавжуд бўлган далилларни, шунингдек етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини инкор этмаса ҳамда уни бартараф этган бўлса.

Қонунда бу жараённинг тартиблари мукаммал белгилаб берилган.

Қонунчиликдаги ушбу янгиликлар суд-ҳуқуқ тизимида янги даврни бошлаб беради. Мазкур янгилик қонун устуворлиги ва адолат тантанаси, одамлар рози бўлиши учун хизмат қилади.

Олимжон Ҳайитов,

Самарқанд вилоят суди раиси.