Жомбойда 84 ёшли отахонга Ўзбекистон фуқаролиги берилди

Жомбой туманининг Аҳмаджон Қурбонов номли маҳалласида яшовчи 84 ёшни қаршилаган Баҳодир Ниёзовга фуқаролик паспорти берилди.

Шу юртда туғилиб, нафақа ёшига етган отахон Ўзбекистон фуқаролигини олишни узоқ йил кутган эди.

- Оилада етти фарзанд эдик. Ака-укаларим қаторида бўлишни доим истаганман. Ўзга юртда ўқиб, бир муддат ишлаб қайтгач, не синовларни кўрмадим? Аммо умид билан яшадим, туман йўл қурилиш корхонасида меҳнат қилдим. Ҳозирги қувончимни ифодалаб беролмайман. Шу кунларни кўрсатганига шукур, - дейди Б.Ниёзов.

Баҳодир Ниёзов 1937 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. 2021 йил январь ойи бобонинг ҳаётида унутилмас кун бўлди. Президент қарори билан отахонга ва яна 29 нафар жомбойлик юртдошларимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди.

Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.