Журналистларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашилади

Вилоят ҳокими Э.Турдимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-294-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимининг фаолиятини самарали ташкил қилиш, сақлаш харажатларини қоплаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун ҳар йили маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан белгиланган тартибда субсидия сифатида маблағ ажратиб борилади.

Оммавий ахборот воситалари вакилларининг ижодий фаолиятини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жумладан, юбилей ёшини нишонлайдиган журналистларнинг ижодий кечаларини ташкил этиш, моддий ва маънавий рағбат ва кўмакка эҳтиёжи бор соҳа вакилларининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, уларга ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш чораларини кўриш белгиланди.

Вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари ва мутасадди идоралар раҳбарларига 2023 йилнинг май ойига қадар белгиланган тартибда вилоят бюджет маблағлари ҳисобидан Матбуот уйини мукаммал таъмирланиши ҳамда жиҳозланишини таъминлаш вазифаси топширилди.

Бундан ташқари, эҳтиёжманд ва фаол журналистларни ипотека кредитлари ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа шартлар асосида уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш чоралари кўрилади.