Каъбага кисва (ёпинчиқ) ёпган Темурийзода

Амир Темурнинг кенжа фарзанди Шоҳруҳ Мирзо (1377 йил 20 август, Самарқанд шаҳри – 1447 йил 19 март, Рай шаҳри) Темурийлар давлати ҳукмдори бўлишига қарамасдан, оддий ва ўта тақводор бўлган. У давлат ишлари билан бир қаторда, ислом шариати қоидаларига тўла амал қилган. Беш вақт намозни асло канда қилмаган, Қуръони карим ва унинг арабча, форсча тафсирларини ўқиган.

Шоҳруҳ Мирзо (1407–1447) кучли ташқи сиёсати натижасида давлат сарҳадлари кенгайиб, Мўғулистондан то Ғарбда Миср ва Рум ерларигача, жанубда Ҳиндистоннинг марказидан то Дашти Қипчоқ чегараларигача жойлар Темурийлар давлати таркибига кирган. Бу улкан давлат ҳозирги Миср ва Шомни ўз ичига олган мамлуклар салтанати билан чегарадош эди. Шоҳруҳ билан мамлуклар ўртасида илк бор 1429 йил Миср ҳукмдори Барсбой (1429–1438) билан ўзаро муносабатлар бошланди. Ўша йили Шоҳруҳ Миср султонидан мисрлик машҳур тарихчилар Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг “Фатҳ ал-борий ли-шарҳи ас-Саҳийҳ ал-Бухорий” (ал-Бухорийнинг “Саҳийҳ”ига шарҳ тарзида ёзилган ва мусулмон оламида катта шуҳрат қозонган) ва Мақризийнинг “Ас–сулук ли-маърифат дувал ал-мулк” (“Подшоларнинг давлатларни билиш йўллари”) номли китобларини юборишни ҳамда ўзи махсус тайёрлаттирган Каъба кисвасини (ёпинчиқни) юборишга изн сўралган мактубни элчилардан юборган. Унгача ҳар йили ҳаж маросими ниҳоясида Каъба устига ёпиладиган кисва тайёрлаш ҳуқуқини Мисрни 1250 йилдан бери бошқараётган мамлук султонлари деярли икки аср давомида ўз қўлларида сақлаб келарди ва бу уларда мусулмон дунёсида раҳнамолик қилиш имконини берарди. Шу сабабли султон Барсбойнинг бу илтимосга рад жавобини бериши табиий эди. Аммо Шоҳруҳ қўлёзма асарларнинг жуда катта ихлосманди ҳамда ислом динига эътиқоди мустаҳкам ҳоким сифатида машҳур бўлган.

Келаси йили Шоҳруҳ шерозлик зодагонни 8 минг динорлик совға-салом билан Мисрга элчи қилиб жўнатди. Элчи Султон Барсбой томонидан қабул қилинаётган пайтда Шоҳруҳ Каъбага, албатта, кисва ёпажаги ҳақида қасам ичганини маълум қилди.

Барсбой бу қасам хусусида тўртта мазҳаб қозилари кенгашини чақиртиришга мажбур бўлди. Қозилар: агар Шоҳруҳ тайёрланган кисвани сотиб, маблағини Маккадаги фақир-мискинларга эҳсон қилса, қасамидан фориғ бўлади, деган мазмунда ҳукм чиқаришади. Қозилар Мисрда кисва учун махсус вақфлар мавжудлигини, ундаги харажатлар тўлиқ қопланаётганини, Шоҳруҳнинг кисва тайёрлашга ҳеч қандай эҳтиёжи йўқлигини билдиради. Аслида, Миср султонлари бу ишга ҳеч кимнинг қатнашишини истамасликлари қозиларга аён эди. Бу жавоб Шоҳруҳни қониқтирмади. 1435 йили у учинчи бор мактуб йўллаб, Қуддус шаҳрини зиёрат қилиш истагини билдирди. Айни вақтда у Миср қозиларини нохолисликда ҳамда султон розилиги йўлида ва ўзларининг манфаатларини кўзлаб ҳукм чиқаришда айблади. Султон Барсбой бу мактубни эътиборсиз қолдирди.

1436 йили Шоҳруҳ Султон Барсбойга тўртинчи анча кескин ёзилган мактубини йўллади. Унда Шоҳруҳ номига хутба ўқитиш ва унинг исми билан танга зарб қилиш талаб этилганди. Бу талабни қабул қилиш вассалликни тан олиш билан баробар эди. Султон Барсбой ўз навбатида, элчини таҳқирлаб, хат билан бирга юборилган сарпони йиртиб ташлашни буюрди. Султоннинг бундай ҳаракати кўпчилик сарой аҳллари ва тарихчиларга ёқмади. Аксинча, уни танқид қилди. “Хатга вазмин ва босиқлик билан жавоб бериш, мамлук қўшинларининг заифлиги ҳақида сир бой бермаслик керак эди”, деб ҳисобладилар. Элчи ал–Мақризийнинг “Тарих”и ва Ибн Ҳажарнинг “Фатҳ ал–борий” асари нусхаларидан олиб ортга қайтди. Шоҳруҳ билан Барсбой ўртасидаги муносабат шу зайлда кескинлашди.

Барсбой вафотидан сўнг 1438 йил Миср тахтига мамлук султони Чақмоқ ўтирди. Фурсатдан фойдаланиб унга Шоҳруҳ катта ҳадялар билан ўз вакилини юборди. Шоҳруҳ Каъба кисвасини тайёрлаш ниятидан ҳали ҳам воз кечмаган ва ҳар сафар бу ҳақда эслатиб турарди.

Ниҳоят, Султон Чақмоқ 1443 йили Каъба кисвасини тайёрлаш ҳақидаги Шоҳруҳнинг навбатдаги илтомосига розилик берди. Аммо у Шоҳруҳга фақат ички томондан, яъни Миср султони кисваси остидан ёпиладиган каъбапўш тайёрлашни шарт қилиб қўйди. Розилик олингани заҳоти Шоҳруҳ Қоҳирага Каъба кисваси билан ўз вакилларини юборди. Миср султони вакилларни қалъада қабул қилди. Уларни Мисрдан ҳаж сафарига ҳозирлади. Маккаи мукаррамада шу йили Шоҳруҳ кисваси Каъба устига Миср Султони каъбапўши остидан ёпилди.

1447 йили Шоҳруҳ вафот қилгунга қадар Миср билан дўстона алоқа олиб борилди. Мисрликлардан кейинчалик ҳам Шоҳруҳ кисваси, деган тушунча ўрнашиб қолганди. 1452 йилгача айнан шу ном билан Каъба устига кисва ёпиб турилди. Шу йили Султон Чақмоқ Шоҳруҳ кисвасини олиб ташлаш ва фақат Миср султони кисваси билан чекланиш ҳақида амри фармон берди.

Демак, Темурийзода Шоҳруҳ Мирзонинг бундай сиёсий ҳаракатлари замирида ҳам Ислом дини оламида ўз раҳнамолигини билдириш, ҳам сиёсий сарҳадларини кенгайтириш мақсадида ушбу стратегик йўлни амалга оширган.

1992 йил биринчи Президентимиз И.Каримов Саудия Арабистонига ташрифи чоғида подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз Каъбатуллоҳга ёпиладиган кисванинг бир бўлагини совға қилди ва бу совға ал-Бухорий мажмуасига берилди.

Самарқанд вилоят ўлкашунослик музейида ипакдан тўқилган каъбапўштнинг бир парчаси экспозиция залларимизда мавжуд. Музейга ташриф буюрган хорижий ҳамда маҳаллий меҳмонлар уни ўзгача мамнуният билан томоша қилмоқда.

Муҳаммад ХОЛМАТОВ,

Самарқанд вилоят ўлкашунослик музейи катта илмий ходими.