Хорижда эмас, Самарқандда даволанишни истовчилар сони кўпаймоқда

Яқинларгача Туркия, Ҳиндистон, Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа замонавий тиббиёт ривожланган давлатларнинг тиббий клиникаларида даволанишни истаган ўзбекистонликлар ҳақида кўп эшитганмиз. “Катта пулга Хитойда юрагимга стент қўйдириб келдим, Жанубий Кореяда юрагимни коронография ускунасида текширтирдим, АҚШда юрагимда ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказдим” деган гаплардан сўнг, наҳотки ўзимизда буни иложи бўлмаса, ахир, бизда ҳам иқтидорли шифокорлар, тиббиётчи олимлар кўп-ку, деб ўйлаб қолардим.

Бироқ сўнгги йилларда юртимизда тиббиёт соҳасига бўлган эътибор кучайгач, бундай гап-сўзлар камая бошлади. Энди юртдошларимиз ўз саломатликларини республикамизнинг деярли барча вилоятларида жойлашган ихтисослашган илмий-амалий тиббий марказларида тиклашга интилишмоқда.

- Яқинда туркиялик бир гуруҳ тиббиётчи олимлар келиб, марказимизда яратилган шарт-шароитларни ўрганиб, ноёб жарроҳлик амалиётларида иштирок этишди, - дейди Республика ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд минтақавий филиали директори ўринбосари Рустам Қўшназаров журналистлар учун ташкил этилган пресс-турда. – Шифохонамиздаги энг сўнгги русумдаги замонавий жарроҳлик ва диагностика асбоб-ускуналарни кўриб, “энди билдик, ўзбекистонлик беморлар нима учун кўп маблағ сарфлаб Туркия клиникаларга бормасдан шу ерда даволанишни истаётганларига, деб қолишди. Чунки илгари сарсон бўлиб чет элга бориб келгандан кўра, шу ернинг ўзида амалиёт ўтказишни маъқул кўришмоқда.

Шу пайтгача Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби қўшни давлатлардан юздан зиёд беморлар келиб, кардиология марказида даволаниб кетишди. 

- Бир неча йилдан буён кучли юрак оғриғидан азият чекиб келаман, -дейди Жиззах вилояти Зомин туманидан келган 67 ёшли бемор Эркин Сарибоев. – Хориждаги клиникаларга бориб даволанишга имконият тополмаётган эдим. Жорий йилдан бошлаб, ордер ўрнига тиббий ижтимоий суғурта тизими қўлланила бошлангач, шу ерга мурожаат қилдим. Тажрибали шифокорлар юрагимда ноёб очиқ жарроҳлик амалиётини ўтказишди. Иккиланиб келган эдим, энди тик оёқда чиқиб кетяпман. Хурсандчилигимни чеки йўқ. Бизнинг врачларимиз ҳам хориждаги клиникаларнинг шифокорларидан қолишмас экан.

Бугунги кунда минтақавий филиалнинг 262 ўринли 13 та бўлимида 92 нафар малакали шифокор, 209 нафар ҳамшира ва 181 нафар кичик тиббий ходим аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Врачларнинг 17 нафари чет элдаги нуфузли клиникаларда, 21 нафари эса Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт ва республика Миллий тиббиёт марказларида малака ошириб келишди. Ўтган йили хориж клиникаларнинг 5 нафар олим ва профессорлари келиб мутахассисларимиз учун «мастер класс» амалиёти ва маҳорат дарсларида сабоқ берди. Туркия, Беларус ва Россия давлатларидаги таниқли клиникалар билан ўзаро халқаро ҳамкорлик дастури лойиҳаси бўйича меморандумлар имзоланган.

2024 йилда марказда даволанган 12488 нафар беморнинг 8670 нафарида юқори технологик, 7700 нафарида эндоваскуляр, 5145 нафарида эса коронаграфия, 1544 нафарида қон томирларини стентлаш амалиётлари ўтказилди. Шунингдек, марказда сунъий қон айланиш, чуқур гипотермия ва циркулятор арест шароитида ўпка артерияларидан тромбоэктомия, чап торакотомия мини инвазив маммаро-коронар шунтлаш каби 10 дан ортиқ жарроҳлик амалиётлари илк бор амалга оширилди. Жумладан, “криоаблация” амалиёти туркиялик малакали мутахассислар ҳамкорлигида амалга оширилди.

Ўтган йили 80 дан ортиқ замонавий УТТ, эхокардиография, ЭКГ, “Холтер” ускунаси, вақтинчалик ташқи кардиостимулятор каби 100 га яқин замонавий технологиялар олиб келинди.

-Жорий йилдан бошлаб муассасамизда илк бора 24 соатлик тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати ташкил этилди, - дейди маслаҳат поликлиника ва диагностика бўлими бошлиғи Жаҳонгир Санақулов. – Энди юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморларни тўғридан-тўғри марказимизга олиб келиш мумкин бўлади. Беморларга 3 кун давомида  бепул диагностика ва даволаш хизматлари кўрсатилади.

Дилмурод Тўхтаев,

Ҳусан Элтоев (фото).