Кафтархонада қачон тартиб бўлади?

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳри Панжакент кўчасидаги "Кафтархона" автобошбекати қарийб уч ойдан буён темир тўсиқ билан ёпиб қўйилганлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

Бу ҳолат Самарқанд, Тойлоқ, Ургут туманлари аҳолисига жамоат транспорти хизмати кўрсатишга халақит қиляпти. Чунки мазкур бекатда шаҳар ва туманлараро ўндан зиёд йўналишларда қатнайдиган 30 га яқин автобус, 250 га яқин такси кунига 20-25 минг аҳолига хизмат кўрсатиб келган. Эндиликда автобуслар автобошбекат ҳудудига киролмаяпти. Камига икки ойдан зиёд вақт ичида ёндош кўчаларда ҳам асфальт ётқизиш ишлари олиб борилганлиги туфайли Панжакент кўчасида катта тирбандлик юзага келяпти. Транспорт кўплигидан бир неча марта автоҳалокат содир бўлиб, йўловчиларнинг жароҳатланишига, ҳатто ўлимига ҳам сабаб бўлди.

- Ургут тумани йўналиши бўйлаб йўловчи ташиймиз, - дейди 205-рақамли автобус ҳайдовчиси. – Бир соатда Самарқанд шаҳрига кириб келамиз, йўловчи олишимизга эса икки соат вақт кетади. Чунки бизга шаҳар ичкарисига киришга рухсат йўқ. Йўловчини шу автобошбекатдан олишимиз керак. Бироқ, бекатни ёпиб олишгач, катта кўчада йўловчи олишимизга тўғри келяпти. Йўл тор, машиналар кўп. Кўчанинг икки томонини юзлаб енгил машиналар эгаллаб олган. Ҳайдовчилар жой талашиб, кунига жанжал қилади. 

Автобошбекат ўраб олингани туфайли ҳудудда жойлашган бир қатор тадбиркорлар ўз фаолиятини тўхтатган. 

- Тўсиқларни олиб ташлаш тўғрисида бир неча бор вилоят ва шаҳар ҳокимликларига мурожаат қилдик, - дейди Кафтархона маҳалласида яшовчи тадбиркор Нодира Қаюмова. – Эртага очамиз, индинга очамиз дея ваъда беришади-ю, бажаришмайди. Ўзбошимча тадбиркорга эса гапимиз ўтмаяпти. Ошхонамиз кичик бўлса-да, ҳар ҳолда хўрандаларимиз бор эди. Кўчадан одамлар ўтмаганлиги сабабли банкротга учрадик. Энди ўз фаолиятимизни тўхтатишга мажбурмиз. 

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан автобошбекатга шаҳарсозлик анъаналарига мос келмайдиган тўсиқлар ўрнатган фуқароларга нисбатан фуқаролик судида иш қўзғатилган эди. Суд тўсиқларни бартараф қилиш тўғрисида қарор қилган бўлса-да, ҳали бу иш амалга оширилмаяпти. 

- Автобошбекатни ноқонуний ўраб олиб, жамоат транспортларини киритмаётган фуқаролар устидан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ажрими қабул қилинди, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокимлиги бош ҳуқуқшуноси Б.Қаршиев. - Унга кўра, мазкур фуқаролар ноқонуний ўрнатилган тўсиқларни олиб ташлаб, бекат ҳудудига йўловчи жамоат транспортларини киритишлари лозим. Фақат шу йўл билан кўчадаги тирбандликларнинг олди олиниб, пиёдаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мумкин. 

Россиянинг "Симетра" хорижий корхонаси томонидан Самарқанд шаҳар транспорт инфратузилмасини ривожлантириш режасига кўра, М-39 Самарқанд ҳалқа йўли Чумчуқли маҳалласи (Тойлоқ айланаси) ҳудудида автобошбекат ва автотураргоҳ қуриш юзасидан таклифи берилган эди. Бироқ бу иш ҳам ҳозирча амалга оширилгани йўқ.  

- Самарқанд шаҳрида 2022-2030 йилларда жамоат транспорти тармоғини ривожлантириш учун мазкур йўналишда автобошбекат бўлиши шарт, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи А.Ашуров. – Шу йўл билан туманлардан кириб келаётган йўловчи ташиш машиналари оқимини қисқартириш ҳамда шаҳардаги тирбандликларни камайтириш мумкин. Бироқ бу ердаги тартибсизликни бартараф этиб бўлмаяпти. Кафтархонадаги автобошбекатни Чумчуқлида ажратилган ерга кўчириш тўғрисида вилоят ва шаҳар ҳокимликларига ўз таклифларимизни берганмиз. Улар ўрганиб чиқилмоқда. Аммо янги автобекат қурмасдан, эскисини ёпиб бўлмайди. Чунки бу ҳолат маҳаллий аҳоли ва йўловчилар ҳаёти учун хавф туғдирса, автотранспортлар учун эртадан кечгача тирбандликни пайдо қилади.

Аслида бу бекат замонавий шаҳарсозлик анъаналарига жавоб бермаслиги аниқ. Чунки бу ерда на ҳайдовчиларга, на йўловчиларга шароит яратилган. Лекин катта кўчадаги тартибсиз ҳаракатларга, тирбандликларга вақтинчалик бўлса-да, чек қўярмиди?    

- Машиналар кўплигидан кўчага невараларимизни чиқаришга қўрқиб қолганмиз, - дейди Кафтархона маҳалласида яшовчи Ҳамида Вафоева. – Яхшиямки, таътил вақти, бўлмаса, улар мактабдан келгунича юрагимизни ҳовучлаб ўтиришимизга тўғри келади. Вилоят ва шаҳар ҳокимлигига боравериб, мурожаат устига мурожаат қилавериб, роса сарсон-саргардон бўляпмиз. Қачон тўсиқлар олиниб, кўчамиздаги транспорт воситалари бекат ичкарисига кўчирилар экан? Ҳайдовчиларнинг жой талашиб қилаётган адоғи йўқ жанжаллари қачон тугайди?

Нима бўлганда ҳам ҳозирча бу саволларга жавоб топилмаяпти, Суд қарор қилган бўлса, янги автобошбекат қурилгунича ноқонуний тўсиқлар олинса, йўловчиларнинг ҳам, ҳайдовчиларнинг ҳам сарсонгарчилигига чек қўйиларди.

Дилмурод Тўхтаев.

****

Фазлиддин Рўзибоев олган суратлар.