Камбағал вилоятдан бой бўлиб кетиш сири ёки коррупция тарихи ҳақида биласизми?

Коррупция инсоният жамияти тарихи билан узвий давом этиб, тараққиётга тўсқинлик қилиб келган. Буни қуйидаги мисоллар яққол кўрсатиб турибди.

Ибтидоий ва илк синфий жамиятларда коҳинга, қабила оқсоқолига ёки ҳарбий бошлиққа муайян имтиёзни қўлга киритиш учун ҳақ тўлаш табиий ҳол сифатида қаралган. Давлат аппаратининг мураккаблашуви ва такомиллашувига қараб вазият ҳам ўзгариб борган.

Коррупция ҳақидаги энг кўҳна қайдлардан бирига қадимги Бобилнинг миххатда ёзилган битикларида дуч келинган. Милоддан аввалги учинчи минг йилликнинг ўрталарига тааллуқли бўлган матнларда ёзилишича, Шумер подшоси Урукагин ўша замонлардаёқ қонунга хилоф ҳақ олишга ружу қўйган судьялар ва амалдорларнинг қонунбузарлигига чек қўйиш муаммосини ечиш йўлларини излаган.

Шунга ўхшаш масалаларга қадимги Миср ҳукмдорлари ҳам дуч келган. Археологик тадқиқотлар жараёнида топилган ҳужжатлар милоддан аввалги 597-538 йилларда Иерусалимда коррупция айниқса авж олганидан далолат беради.

Профессионал давлат амалдорлари ҳали мавжуд бўлмаган антик жамиятлар тарихининг илк босқичларида коррупция деярли бўлмаган. Бу ҳодиса антик давр таназзулга юз тутган босқичдагина вужудга келган. Бу даврда коррупция домига илинган давлат амалдорлари ҳақида: “У бой вилоятга камбағал бўлиб келиб, камбағал вилоятдан бой бўлиб кетди”, дейишган. Айни шу даврда Рим ҳуқуқида "corrumpire" деган махсус атама пайдо бўлган, у “бузиш”, “пора эвазига оғдириш” ибораларининг синоними ҳисобланган ва мансаб мавқеини суиистеъмол қилишнинг ҳар қандай кўринишларини ифодалаган.

Марказий ҳукумат заиф бўлган жойларда (масалан, илк ўрта аср даврида Европада) хизмат мавқеидан ўз чўнтагига ҳақ ундириш учун фойдаланиш аксарият ҳолларда умумэътироф этилган меъёрга айланган. Коррупция домига илинган амалдорларни бошқаларга дарс бўлсин учун оломон кўз ўнгида жазолаш одатда ҳеч қандай самара бермаган. Чунки амалдан четлатилганлар (лавозимидан олинганлар ёки қатл этилганлар) ўрнини янги порахўрлар эгаллаган. Марказий ҳокимият амалдорлар фаолияти устидан ялпи назорат ўрнатиш учун одатда зарур куч ва воситаларга эга бўлмагани боис, у коррупциянинг ўта хавфли кўринишларинигина жазолаш билан кифояланган.

Ўрта асрларда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган давлатларда қабул қилинган ҳуқуқ меъёрлари замирида ислом маданияти принциплари ётувчи қонунчилик анъаналари билан белгиланган. Хусусан, Амир Темур давлатида амалдорлар ишини тартибга солиш мақсадида вақти-вақти билан сўроқ, текшириш, тафтиш, тергов ўтказиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, доимий равишда ичкилик ичиш, маиший бузуқлик каби қилмишлар оғир гуноҳ ҳисобланган ва қаттиқ жазоланган. Манбаларда келтирилишича, Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ, неваралари Пирмуҳаммад ва Халил Султонлар юқорида зикр этилган меъёрларни бузганлик учун халқ олдида жазога тортилган.

Ўша даврда ҳозирги талқиндаги коррупция учун жавобгарлик назарда тутилмаган. Шунга қарамай, Ўзбекистон Россия томонидан истило қилинган давргача коррупция қонунийлаштирилган институционал шаклларда намоён бўлган. Хусусан, ҳукмрон давраларнинг вакилларига у ёки бу тарзда ҳақ бериш феодал мажбурият хусусиятини касб этган. Масалан, оддий деҳқонлардан хонлар, султонлар, бийлар ва зодагонларнинг бошқа вакиллари фойдасига мунтазам равишда “ушур” солиғи – ҳосилнинг ўндан бир қисми ундирилган.

Рус мустамлакачилари ҳукм сурган даврда Туркистон ҳудудида коррупция айниқса кучайган. Бу жиноятнинг кейинги даврларда янги босқичларга кўтарилиши унинг яшовчанлигидан далолатдир.

Жаҳонгир Мардонов,

Самарқанд вилояти монополияга қарши курашиш бошқармаси бош юрисконсульти.