Камбағалликни қисқартириш тадбирлари самара беряптими?

Каналимизда “Камбағалликни қисқартириш бўйича қилинаётган ишлар натижасида қишлоқларда одамларнинг турмуши аввалгидан кўра яхшиланяптими?” саволи остида сўровнома ўтказилган эди.

Сўровнома натижалари масъулларни ҳам беэътибор қолдирмайди, деган умиддамиз. Боиси, ундаги респондентларнинг 57 фоизи камбағалликни қисқартириш бўйича қилинаётган ишларнинг самараси сезилмаётганлигини билдирган. 16 фоизи эса жараёнда одамларнинг турмуши унчалик яхшиланмаётганлигини таъкидлаган.

Иштирокчиларнинг фақат 23 фоизи айни йўналишда қилинаётган ишларга ижобий баҳо бериб, натижа бўлаётганлигини таъкидлаган.

Сўровнома остида қолдирилган изоҳлар ҳам шунга мос. Кимдир натижа бўлишига умид боғласа, бошқалар жараён назорат кучли бўлиши кераклиги, бу ишга йўналтирилган маблағлар жойига етиб бориши кераклигини айтган. Бунда энг кўп фикр камбағал оилаларга кредит ажратилиши бўйича бўлган.

Хусусан, “М.Х” номи остидаги кузатувчи ўз изоҳида “Ҳеч нарса бўлгани йўк. Аҳоли кредитга ўтиб, қашшоқлашиб бормоқда”, дейди. “Ботир Қаюмов” номи остидаги кузатувчи ажратилаётган кредит фоизлари баландлигини билдирган бўлса, “Дилшод” бу кредит фоизлари пасайтирилса, натижа бўлишини айтган. Яна бир респондент энергия манбаларисиз (газ, электр, сув) нафақат қишлоқларда, балки шаҳарларда ҳам ҳеч қанақа иш, тадбиркорлик қилиб бўлмаслигини таъкидлаган.