Камбағалликни рўйхатдан чиқаришни депутатлар ҳал қилади

Кейинги вақтлар юртимизда камбағаллик ва уни бартараф этиш масалаларига эътибор ортди.
Бу борада олиб борилаётган ишлар самаралари ҳақида ҳам кўп эшитаяпмиз. Шу ўринда савол туғилади, камбағал ўзи ким? Умуман, фуқароларнинг камбағаллик даражаси қандай ўлчанаяпти? Шу ва бошқа саволларимизга Самарқанд вилояти иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.РАҲМОНОВ жавоб берди.
— Вилоятимизда камбағалларни аниқлаш биринчи навбатда оилаларнинг турмуш шароитини ўрганишдан бошланмоқда. Қайд этиш лозим, карантин даври бошланган вақтда камбағал оилалар фақат маҳалла фуқаролар йиғинлари берган рўйхатлар асосида белгиланган эди. Ҳукумат топшириғи билан бу масалага жиддий эътибор қаратилиб, ҳар бир оиланинг турмуш шароити тегишли мутахассислар, жамоатчилик, хусусан, маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида мониторинг қилинди. Қайта шакллантирилган рўйхатдаги оилаларни камбағалликдан чиқариш чора-тадбирлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган “Вақтинчалик тартиб” асосида ташкил қилиниши белгиланди.
Ушбу тартибда камбағаллик қуйидаги манбаалар ҳисобидан бартараф этилиши кўрсатилган:
оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида;
ҳунармандчиликни йўлга қўйиш;
ишсизларни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги “Жамоат ишлари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан хақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш;
томорқа хўжалигида ва бошқа соҳаларда ўзини ўзи банд қилиш;
инвестиция (саноат ва хизмат йўналиши) лойиҳаларида;
қишлоқ хўжалиги соҳасидаги (маҳсулотлар етиштириш, қайта ишлаш) лойиҳаларда;
ғалладан бўшаган ерга такрорий экин экиш ва оборотдан чиқиб кетган ерларни ўзлаштириш ҳисобига;
ишсизларнинг марказлашган ва бошқа манбаалар ҳисобига амалга оширилаётган қурилиш объектларида бандлигини таъминлаш орқали.
— Камбағалликни бартараф этиш борасида вилоятимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда ва бундан қандай натижалар кутиляпти?
— Айтиш жоизки, жорий йилнинг бошида вилоятимиз “Темир дафтар”га 47 770 та камбағал оилалар киритилганди. Бугунги кунда улардаги 60 882 нафар меҳнатга лаёқатли фуқаронинг бандлиги ва даромадини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, белгиланган тартибда уларнинг 39 049 нафари иқтисодий комплексда (оилавий тадбиркорлик, ҳунармандлик, жамоат ишлари ва ўзини-ўзи банд қилиш), 16 974 нафари қишлоқ хўжалиги комплексида (агросаноат ва такрорий экин) ҳамда 4 859 нафари қурилиш комплексларида (инвестиция дастури ва уй-жой қурилиши) иш билан таъминланади.
“Вақтинчалик тартиб” асосида амалга оширилган ишлар натижасида шу вақтга қадар 6 693 та оила доимий даромад манбаига эга бўлди. Мазкур оилаларни камбағаллик рўйхатидан чиқариш масаласи эса маҳаллий ҳокимлик ёки бошқа бир бошқарув органи ваколатига кирмайди. Мавжуд тартибдан келиб чиқиб, доимий даромад манбаига эга бўлган 7 мингга яқин оилаларни камбағаллик рўйхатидан чиқариш масаласи Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар муҳокамасига киритилди.
Энди, бевосита камбағалликдан чиқариш жараёнига тўхталсак. Бу борадаги ишлар бир қанча йўналишларга бўлинади. Мисол учун, айни вақтда “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида маҳалла ва қишлоқлар муайян ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиришга ихтисослаштирилмоқда. Мазкур тадбир доирасида муҳтож оилаларга 100 минг тупдан ортиқ кўчат, 500 га яқин асалари уялари, 138 минг бош жўжа, 2 мингдан ортиқ чорва моллари тарқатилди. Шунингдек, 1000 та енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриб берилди.
Кооперация асосида қилинган ишларга келсак, Пайариқ туманидаги Наволи ҳудудида “Оқдарё барака чикен” МЧЖ томонидан “Фермерлар жамғармаси”нинг 21,2 млрд. сўмлик имтиёзли кредити ҳисобига 300 гектар лалми ер майдонида токзор ташкил этилди. Ундаги токлар орасига 588 нафар ишсиз ва муҳтож фуқаролар сабзавот ва полиз экинлари экишди. Бундан ташқари, 18 800 нафар камбағал ва ишсиз фуқароларга 3 704 та фермер хўжаликларидан 20-30 сотихдан жами 9 350 гектар такрорий экин экиш учун ер майдони ажратилди. 66 та дала кооперативларига 1 334 гектар ер майдони берилиб, уларга 3 156 нафар муҳтож оилалар бириктирилди, шундан 48 та дала кооперативига 3,4 млрд. сўм субсидия берилди. Мисол учун, Оқдарё туманида мева-сабзавотчилик йўналишида “Оқдарё ипаги” МЧЖ кооперативи ташкил қилиниб, унга 73,6 гектар ер майдони ва устав фондини шакллантириш учун 254,2 млн. сўм миқдорида субсидия ажратилди ҳамда 114 нафар ишсиз фуқаро аъзолиги таъминланди.
— Бироқ, ернинг тилини тушунмайдиган, ўзига маъқул бошқа соҳада ишлашни истайдиган, айтайлик тадбиркорлик қилмоқчи бўлган фуқаролар ҳам бор. Бундайлар камбағалликдан қандай чиқарилади?
— Назаримда, бу саволга юқорида қисман жавоб берилди. Бугунги кунда ишсизларни тадбиркорликка жалб қилиш камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали усули ҳисобланади. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурида бу борадаги барча ташкилий масалалар белгиланган. Хусусан, айни вақтда “Микрокредитбанк”, “Халқ банки” ва “Агробанк” тадбиркорликка иштиёқманд, аммо қўлида зарур маблағи бўлмаган фуқароларга Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган фоизларда кредит маблағларини ажратмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида тегишли дастурлар доирасида 574 нафар жисмоний шахсга 5 578 млн. сўм миқдорида ана шундай имтиёзли кредит берилган.
Шунингдек, маълум касбни эгаллашни истаган фуқаролар учун ҳам зарур шароитлар яратилган. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида жами 1 303 нафар ишсиз фуқаролар турли йўналишлар бўйича касбга ўқитилди. Жумладан, уларнинг 474 нафари тикувчилик иши, 155 нафари компьютер ва компьютер тармоқларини таъмирлаш (Ахборот технологиялари), 90 нафари автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, 85 нафари пайвандлаш иши сингари меҳнат бозорида талаб катта бўлган касбларни эгаллашди. Бунга яна кўплаб мисолларни келтириш мумкин.
— Бу йўналишдаги ишларга тўсиқ бўлаётган муаммолар борми? Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилаяпти?
— Вилоятимизда камбағалликни қисқартириш ишларида тўсқинлик бўлиши мумкин эмас. Негаки, бу масала шахсан давлатимиз раҳбарининг эътиборида. Қолаверса, Ҳукуматимиз томонидан бу борада барча зарур шароитлар яратилмоқда, тегишли чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Гап фақат уларнинг ижросини таъминлаш, аҳолини меҳнат қилишга, тадбиркорликка жалб қилишга, даромад олишга қизиқтира билишда. Бу масалада ҳам муаммо йўқ. Белгиланган вазифалар изчиллик билан бажарилмоқда.
Асқар БАРОТОВ суҳбатлашди.