Камҳаракатликдан йилига 5 миллиондан ортиқ одам вафот этмоқда

— Инсон танаси доимий ҳаракатланиб туришга мослашган. Сабаби кўп асрлар бурун одамлар ҳам бошқа жонзотлар каби ўз озуқасини жисмоний ҳаракати орқали топган. Аммо сўнгги асрда инсонлар кўпроқ ақлий меҳнат орқали кун кўрадиган бўлди. Бу эса камҳаракатлилик оқибатида келиб чиқувчи бир қатор касалликларнинг кўпайишига олиб келди.

Камҳаракатлилик бутун дунёнинг ўткир муаммосига айланаётган ҳозирги даврда ҳолсизлик, уйқунинг бузилиши, диққат-эътиборни жамлай олмаслик, хотиранинг пасайиши, сабабсиз чарчаш ҳисси, семизлик каби белгилар ҳар бир кишида учрайди. Лекин камдан-кам одамлар бу ҳолатларни камҳаракатлилик билан боғлайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, йилига чекишдан 5 миллион нафар, камҳаракатлиликдан эса бундан ҳам ортиқ инсон қурбон бўлмоқда.

Шунингдек, кўпчилик кун давомида қилган ишларини мисол келтириб, «биз жисмоний тарбия машғулотларини бажармасак ҳам бўлади», деб айтишади. Айниқса, онахонларимиз «эрталаб туриб ҳовли супураман, овқат тайёрлайман, мана шу эрталабки бадантарбия ўрнини босади», дея таъкидлайди. Аммо бу ишларни бажараётганда хато қилмаслик учун, ақлимизни ҳам фаол ишлатамиз. Шунинг учун бу жисмоний тарбия машғулотларига кирмайди. Жисмоний тарбия машғулотларида эса мия дам олиб, фақатгина жисмоний ҳаракатни амалга оширишимиз керак.

Кечки овқатдан сўнг 3-4 километр пиёда сайр қилиш таомнинг яхши ҳазм бўлишига фойда беради. Шунингдек, кишининг жисмоний фаоллигини ҳам ошириб, кўп касал бўлишнинг олдини олади. Эрталабки ярим соатлик енгил жисмоний машғулот эса кун давомида ўзимизни тетик ҳис қилишимизни таъминлайди. Кун давомида ҳар икки соатда беш-ўн дақиқа жисмоний ҳаракат қилиш, кейинги бир-икки соат давомидаги иш самарадорлигимизни икки баробарга ортишига сабаб бўлади.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, ҳафтада атиги 2,5 соатлик жисмоний фаоллик эрта ўлим ҳолатларини 28 фоизга, юрак касалликларига чалиниш эҳтимолини 20 фоизга камайтиради. Бундан ташқари, жисмоний фаоллик натижасида организмда биосинтез жараёни фаоллашади, қон айланиш жараёни 4-5 марта кучаяди, юрак қисқаришлари сони тезлашади, бу эса организмда янги энергия ҳосил бўлишига ва энергия билан таъминланиш яхшиланишига олиб келади. Шу боис ҳам жисмоний фаоллик соғлом турмуш тарзининг энг асосий қоидаларидан бири ҳисобланади.

Бу ҳақда тиббиёт фанлари доктори, профессор, тиббий ходимларнинг касбий малакасини ривожлантириш марказининг валеология кафедраси мудири Шуҳрат Иргашев маълумот берди.