Касаба уюшма: Ходимларнинг ижтимоий ҳимоя кафолати, ишчилар учун маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш тадбирлари
Бу ҳақда Самарқанд шаҳрида “Касаба уюшмалари ҳаракатида бошланғич ташкилотларнинг тутган ўрни ва роли” мавзусида ўтказилган семинарда айтилди.
Шунингдек, тадбир доирасида “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари ҳам тақдирланди.
Тадбирда сўз юритган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов 11 ноябрь - “Касаба уюшмалари куни”, деб эълон қилингани, сана муносабати билан корхона ва ташкилотлар, туман, шаҳар, вилоятлар миқёсида касаба уюшмалари кунига бағишланган маданий-маърифий ҳамда спорт-соғломлаштириш тадбирлари, касаба уюшмаси фаолиятига дахлдор кўрик-танловлар, конференция, форум, семинар ташкил қилинишини таъкидлади.
Тадбирда келгусидаги берилаётган имкониятлар хусусида ҳам сўз борди. Хусусан, Федерация Кенгаши томонидан бошланғич ташкилотларнинг маблағларидан мақсадли фойдаланишга қаратилган Низом ишлаб чиқилиб, унга асосан бошланғич ташкилотлардан молиявий имкониятларини янада кучайтириш мақсадида 50 фоиз ўрнига 60-70 фоиз аъзолик бадаллари қолдирилиши кўзда тутилган, ушбу маблағларнинг 10 фоиз миқдорида қўшимча санаторий йўлланмаларни харид қилиш учун сарфланиши белгиланиб берилганлиги тилга олинди. Аъзолик бадалларининг қолган 30-40 фоизи юқори ташкилотларни сақлаш учун марказлашган ҳолда йиғилиб, қуйи ташкилотларга тасдиқланган харажатлар сметасига биноан, молиялаштирилиши тушунтирилди.
Бу эса меҳнаткашларнинг иш ҳақидан аъзолик бадалларига ўтказилган маблағининг асосий қисми ўзларида, яъни бошланғич ташкилотида қолдирилиши ва уларнинг молиявий ҳамда ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтирилишига хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Тадбир давомида бошланғич ташкилот ишларини намунали йўлга қўйиб, иш тажрибаларини ўзаро бир-бирлари билан алмашиш мақсадида танловда иштирок этаётган қуйи касаба уюшмаси ташкилотлари кўргазмаси ташкил этилди.
- Албатта бу каби амалга оширилаётган ишларимиз бизни қониқтирмайди, - дейди, С.Рафиқов. - Афсуски, жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш жараёнида, аксарият ташкилотларимизда аҳвол ачинарли даражада эканлиги, айрим туман кенгашлари ва бошланғич ташкилотлар ўз ишларига масъулиятсизлик билан қараб келаётгани ҳам айни ҳақиқат. Бу каби холатларни бартараф этиш ва олдини олишда семинарлар ва танловлар ўтказилишининг ўрни жуда муҳим. Қолаверса, бу орқали касаба уюшмаси аъзолари сони кундан кун ошиб бораётгани қувонарли албатта.
Тадбир давомида Таълим ва фан ходимлари, Агросаноат мажмуи ходимлари, Соғлиқни сақлаш ходимлари, Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари, Ўзбекистон Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари, Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси ходимлари бошланғич ташкилотларининг 40 нафар касаба уюшмаси раислари танловда 1,2,3-ўрин эгаллагани учун тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлавининг биринчи босқичи июнь ойида танлов Низомига мувофиқ туман ва шаҳар кенгашлари тасарруфидаги 3 мингга яқин аъзолар сони 100 нафаргача бўлган ва 100 дан ортиқ бошланғич ташкилотлар ўртасида ўтказилганди.
Мазкур танловда биринчи ўринни қўлга киритган бошланғич ташкилот раислари ноябрь ойида бўлиб ўтадиган республика танловида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ҳусан Элтоев.