Касаба уюшмаси ходимлар манфаатини кўзлайди

2015 йилда 301 та ташкилот касаба уюшмасининг бошланғич қўмиталарига қамраб олинган бўлса, айрим ташкилотларнинг тугатилиши ҳисобидан шу йилга келиб 296 та қолди. Уларда ишловчилар сони 17 390 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд шаҳар кенгашининг онлайн тарзда ўтказилган V конференциясида айтилди.

Унда Самарқанд шаҳар кенгаши раиси Б.Намазовнинг беш йиллик ахбороти тингланди. Унга кўра, шаҳар касаба уюшма бюджети ҳисобидан касаба уюшма аъзоларини соғломлаштириш мақсадида жами 612 дона турли сиҳатгоҳларга имтиёзли йўлланмалар ажратилган. Бунинг учун 600 миллион сўмдан кўпроқ маблағ сарфланган. Болалар соғломлаштириш оромгоҳларига 3304 нафар болажонлар жалб этилиб, уларга 370 миллон сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.

Ўтган даврда ташкилот ва муассасалар томонидан қабул қилинаётган жамоа шартномалари орқали ҳар бир ходим олган бевосита ва билвосита даромад миқдори икки баробарга ошгани айтилди. Жумладан, ҳисобот даврида жамоа шартномасида кўзда тутилган қўшимча имтиёзлар ҳисобига ҳар бир ходимга 3-8 кундан иборат ҳақ тўланадиган қўшимча таътиллар бериб келинди ва бу мақсадларга иш берувчи ҳисобидан маблағлар тўғри сарфлангани таъкидланди.

Шунингдек, 35 маротаба бошланғич ташкилотларда кўрик-танловлар ўтказилиб, уларда 570 нафар касаба уюшмаси аъзолари иштирок этгани ва 15 мартда ишчи-ходимларнинг мамлакат бўйлаб тарихий обидаларга саёҳатлари уюштирилган.

Булардан ташқари, фаолияти қониқарли, ижобий кўрсаткичларга эришган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида шу ташкилотлар базасида ўқув-амалий семинарлар ташкил этиш, натижаларни онлайн тарзда барча бошланғич ташкилотларига етказиш масаласида ҳам келишиб олинди. Ташкилотлар ишчи-ходимлари ўртасида маданий-маърифий йўналишда давра суҳбатлари, учрашувлар кўламини кенгайтириш, спорт тадбирларини ташкил этиш орқали ходимларнинг саломатлигини таъминлашга кўмаклашишга эришиш кераклиги билдирилди.

Аммо йиғилишда бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан жамоа шартномасининг бандлари тўлиқ бажарилмагани бўйича эътироз билдирилди.

Хусусан, айрим ташкилотлар ходимлари учун берилиши керак бўлган имтиёздан фойдаланмаган. Касаба уюшмаси қўмитасининг тегишли комиссияси бу борада етарли иш олиб бормаган, белгиланган тадбирларни ўз вақтида бажармаслик ёки кечикиб бажариш ҳолатлари ҳали ҳам учраётгани танқид қилинди. Номигагина жамоа шартномасини йилдан-йилга кўчириб тузиб қўядиган ташкилотлар ҳам йўқ эмаслиги айтилди.

Йиғилиш якунида кенгашнинг 2015 йил майдан 2020 йил июлгача бўлган ҳисобот давридаги фаолияти қониқарли деб топилди. Шунингдек, делегатлар томонидан амалдаги кенгаш раиси бўлиб ишлаган Бахтиёр Намозов кейинги беш йилга Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд шаҳар кенгаши раиси этиб сайланди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.