Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғонда туманлараро патрул-пост хизмати бўлинмаси ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги илғор хорижий ва миллий тажрибалар асосида ишлаб чиқилган ҳамда аҳолини ҳар қандай таҳдидлардан кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепцияси, 2022 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси ҳамда стратегияни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланганди.
Ушбу ҳужжатларда тасдиқланган меъёрларга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан туманлараро патруль-пост хизмати бўлинмаларини ташкил этиш вазифаси белгиланган эди.
Шу асосида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида ушбу шаҳар ҳамда Пахтачи, Каттақўрғон ва Нарпай туманларига хизмат кўрсатувчи туманлараро патруль-пост хизмати бўлинмаси ташкил этилди. Бўлинма учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 25 та штат бирлиги ҳамда хизматда фойдаланиш учун 12 та автотранспорт воситаси ажратилди.
Бугун Каттақўрғонда ўтказилган тадбирда Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов иштирок этди ва жамоат хавфсизлиги концепциясини амалга оширишда мазкур бўлинмалар олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритди.
Бўлинма ходимларининг самарали хизмат олиб бориши ва жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш ва жиноятларни барвақт фош этиш мақсадида 12 та Nexia-3 русумли хизмат автомашиналари топширилди.