Каттақўрғон шаҳри ва Польшанинг Тарнов шаҳри ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилиши мумкин

Ушбу масала Ўзбекистон элчихонаси ходимларининг Кичик Польша воеводлигининг Тарнов шаҳрига амалий сафари давомида муҳокама қилинган.
700 йиллик тарихга эга ва муҳим иқтисодий ҳамда маданий маркази бўлган Тарнов шаҳри Кичик Польша воеводлигининг маркази ҳисобланади. Бу шаҳар нафақат бой тарихи, балки замонавий саноат ва туризм имкониятлари билан ҳам машҳур.
Тарнов шаҳри мэри Якуб Квасьни билан кечган суҳбатда давомида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри ва Тарнов шаҳри ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш имкониятлари муҳокама қилинди
Тарнов шаҳар мэриясида ҳудуддаги етакчи поляк компаниялари вакиллари билан алоҳида учрашув ташкил этилди. Польша бизнеси вакиллари мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар, Ўзбекистон-Польша муносабатларининг ҳолати ва истиқболлари, ҳудудлараро алоқалар ҳамда Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти билан танишдилар.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти ва "Термиз халқаро савдо маркази" эркин савдо зонаси фаолияти тўғрисидаги видеолавҳалар намойиш этилди.
Польша ишбилармон доиралари вакиллари шу йилнинг 10-12 июнь кунлари бўлиб ўтадиган 4-Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш ниятларини билдирдилар.
Мулоқот натижасида Польшанинг "Grupa Azoty", "Elzat", "TEK-PAK", "NEXT Nieruchomości", "ControlTec" ва "Alsal" компаниялари билан Ўзбекистонда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди, дея хабар қилмоқда "Дунё" АА.