Кеча “оқ қамалда қолган” ёки "уйда ўтирган" аёл бугун ислоҳотларда қайта сайқал топган “гавҳар”га айланди

Мустақиллик... Унинг қадрини, истиқлолдан олдин яшаган, собиқ тузумнинг оғир кунларини бевосита ўз танида ҳис қилганлар яхшироқ англайди. “Гугурт бир тийин эди” деган иллюзиялар ҳукм сурган ўша даврларда инсон қадр-қиймати ҳам шундан ортиқ эмас эди.
Тарих кўзгусидаги акс: Барча йўллар пахта даласига элтади...
Собиқ Иттифоқ даврида қишлоқ аёлининг мавқеи “колхоз ишчиси” деган тақдир билан белгилабқўйилган эди. Ўша йилларда қишлоқ аёлини ҳамма йўллар бир нуқтага - пахта даласига олиб борарди. Давлат сиёсатида “пахта режаси” биринчи ўриндатургани сабабли аёлнинг салоҳияти унинг ичкипотенциали билан эмас, балки центнерлар билан: кунлик режани бажариши, “норма”ни топширишибилан баҳоланарди.
“Ура-ура”чиликка асосланган тарғиботлар ҳам асосан аёлларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш, ишлаб чиқариш илғорларини намуна қилишга йўналтирилган эди. ”Пахта майдонлари - мардлар макони” деган шиор остида хотин-қизлар оғир меҳнатга сафарбар қилиниб: аёллар, “15 минг килограммчи”, “10 тонна терувчи”, “режани ортиғи билан бажарувчи”, “зарбдор” ва бошқа номлар остида коммунистик партиянинг ниқобланган сиёсати остида “фидойилик”ка мажбур этиларди. Шу тариқа, қишлоқ аёлларининг умри, уларнинг орзулари - пахтазордаги “оқ қамал” гирдобида сўниб кетарди.
1989 йилда ёзувчи Одил Ёқубовнинг шўролар салтанатини ларзага солган машҳур нутқида ҳам ўша давр фожиаси акс эттирилган эди: “Хўш, уларнинг турмуши қай ҳолатда? Уларнинг турмуши шундайки, пахтакор аёллар қош қорайганидан кейин даладан уйларига қайтиб, ўша алмисоқдан қолган ифлос тезакни ўчоққа қалаб, болаларига оби-ёвғон пиширадилар. Ана шу мисдек қорайиб кетган, нимаси биландир куйиб кетган қайинларни эслатувчи аёлларни кўрганимда кўзимда ёш қалқийди, уларда аёллик назокати-ю нафосатидан асар ҳам қолмаган, на қадди-қомату ва на сумбат бор. Кўзларида ғам-кулфат, ҳасрат-надомат аломатлари сезилиб турибди”.
Албатта бу воқеликни бугун тўкис шароитларда камол топаётган, замонавий боғча ва мактабларда таълим олиб ўсаётган авлод билмас, лекин пахта даласида атак-чечак қилиб, эгатларда улғайган ўрта авлод вакиллари яхши билади.
Болалигимиз собиқ СССР даври тугаши йилларига, иқтисодий инқироз даврига тўғри келган. Туман марказига йўлимиз тушса, бир манзил роса ўзига чорлар эди. Алвон ленталар осилган, кўм-кўк ҳовузлар ва айвонлари безатилган, ўйинчоқлари бисёр кўркам маскан. Ўша маскан, яъни болалар боғчасида доим менга тенгдош болалар гавжум бўлар, мен эса ўша тенгдошларим билан ўз шароитимизни таққослар, улар билан ҳаётий тафовутимизни чамалар эдим. Сабаби, ўшанда бу каби болалар масканлари, мактабгача таълим даргоҳлари етишмас, шу сабаб қишлоқлардаги кўпчилик болалар ушбу тизимдан бебаҳра қолар, бу эса ижтимоий тенгсизликни юзага келтирар эди. Бу ҳолат нафақат қишлоқ болаларининг, балки қишлоқ аёлларининг тақдирида ҳам энг оғир муаммолардан бири саналар эди. Давлат томонидан тарбия муассасаларига етарли эътибор қаратилмагани сабабли бола парвариши ва таълим-тарбиянинг бутун масъулияти фақат онанинг елкасига юкланарди. Бу эса унинг ишлаш имконини, ўқиш ва ўзи устидан ишлаш йўлларини беркитар, шахсий ривожланиш орзуларини чеклар эди.
Аммо йиллар ўтиб, она ва бола тақдирига соя солган бу муаммо аста-секин ечимини топа бошлади. Давлат сиёсатида таълим-тарбия соҳасига алоҳида устуворлик берилди. Қишлоқларда ҳам болаларбоғчалари барпо этилди, зарур инфратузилмаларбосқичма-босқич шакллантирилди. Бу ўзгаришларнатижасида қишлоқ аёлининг зиммасидан оғир юкнинг бир қисми камайди, унинг меҳнат қилиш, билим олиш ва жамиятда ўз ўрнини топишимкониятлари кенгайди.
Имконият
2017 йилдан вазият янаям ўзгарди. Президентимизнинг ташаббуси билан таълимнинг илк босқичини ривожлантиришнинг кўплаб йўналишлари белгилаб олинди. Хусусан, мактабгача таълим тизимини таркибий жиҳатдан тубдан ислоҳ қилиш, мазкур муассасаларга болаларни тўла қамраб олиш бўйича муҳим вазифалар қўйилди. Ушбу ислоҳотлар натижасида охирги 7 йилда мактабгача ва мактаб таълими учун ажратиладиган маблағлар 7 карра оширилди. Шу аснода мактабгача таълим ташкилотларида 1,5 миллион янги ўрин яратилди. Айни вақтда эса юртимизда 7 мингта давлат ва 31 мингдан зиёд хусусий боғчалар фаолият юритмоқда.
Ундан ташқари, авваллари оналар зиммасида бўладиган: мактабга қадам қўядиган болаларга илк қоғоз қалам тутишни ўргатиш вазифаси ҳам, мактабгача таълим тизими тасарруфига ўтиб, ҳозирда олти ёшли болаларнинг 96 фоизи мактабга тайёрлов гуруҳларига қамраб олинган. Кейинги йили бу рақам 100 фоизга чиқиши кутилмоқда. Шу билан бирга 2017 йилга қадар таълим соҳасида аёллар учун қулай ва инклюзив муҳитнинг шаклланмагани, қўшимча қулайликлар, масофавий ўқиш имкониятлари, болали аёллар учун махсус таълим шаклларининг йўқлиги, кўплаб фарзанд тарбиясидан ажралмаган ҳолда ўқиш истагида бўлган аёлларнинг олий маълумот олиш имконини қийинлаштирар эди. Бу борада, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 393-сонли қарори билан, олий таълим муассасаларининг сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланди. Ниҳоят 2017 йилнинг октябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табрик сўзида 16 та университет ва институтда 12 та йўналиш бўйича кечки ва сиртқи бўлимлар очилиши маълум қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрдаги 930-сон қарори билан Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Шу тариқа бундай қулай таълим турларининг жорий қилиниши, аёллар учун вақт ва жисмоний мақбул шароитни юзага келтириб, уларга “ё оила, ё таълим” деган икки каррали танлов ўрнига, “ҳам оила, ҳам таълим”ни танлаш имкониятини берди.
Аёлга илм - авлодлар камолоти гарови
Шу аснода кейинги йилларда хотин-қизларнинг таълим олиши учун учун тақдим этилаётган бир қанча имтиёзлар: фоизсиз таълим кредитлари тақдим этилиши, эҳтиёжманд қизларга грантлар ажратилиши, хотин-қизларнинг магистратурадаги таълими учун маблағлари давлат томонидан қоплаб берилиши каби имтиёзлар берилгани сабабли хотин-қизларнинг олий таълимдаги қамровини кескин ошишига сабаб бўлди.
Батафсил рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2020-2024 йилларда 8 минг 653 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган. Яна бир ижтимоий аҳамиятга эга имтиёз: ҳар йили 5 йиллик меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотли бўлмаган 500 нафар хотин-қизларга, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан тавсияномалар бериш тизими орқали олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиниши йўлга қўйилди. 2022-2024 йилларда 1 минг 256 нафар хотин-қиз ушбу имтиёз орқали олий таълимга ўқишга қабул қилинди. Бундан ташқари, 2021 йилдан бошлаб муҳтож, ёлғиз аёллар ва боқувчисини йўқотган қизларнинг олий таълимдаги шартнома тўловлари қоплаб берилмоқда. Жумладан, 2021-2024 йиллар давомида 6 минг нафарга яқин талаба хотин-қизларнинг контракт тўлови маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилди. Шу йўсинда бугунги кунда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қиз талабаларнинг салмоғи ошиб, улар 53 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 2017 йилда бор-йўғи 39 фоиз эди. Шунингдек, магистратура босқичида таҳсил олаётган 24 минг талабанинг 60 фоизи ёки 17 мингдан зиёдини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 3,8 баробарга ортган. Бу эса келажакда илмли, интилувчан ва фаол аёллар сонининг ортишига, улар орқали эса бутун жамиятнинг барқарор ва баркамол тараққиётига хизмат қилади.
Олий таълимда ўқиш имконияти аёлга фақат шахсан эмас, балки жамият миқёсида ҳам қиймат беради. Зеро, ҳар бир аёл авваламбор она. Унга сингган билим, маънавий тарбия келгусида фарзандларига, фарзанди орқали эса жамиятга “юқади”. Оналар эса бутун бир миллатни тарбия қилади. Бугун илм-фан, тиббиёт, таълим, санъат ва бошқа жабҳалардаги юксак ютуқлар, кўпинча аёллар иштироки билан боғлиқ. Уларга берилмаган имконият - бутун миллат учун бой берилган имкониятдир. Аёлнинг уйда қолиши дегани кўплаб соҳаларда - иқтисодиёт, тиббиёт, таълим ва маданият соҳаларидаги улкан ва салмоқли ҳиссани йўқотиш деганидир. Шу боис бугунги кун ислоҳотлари орқали, оила, фарзанд тарбияси ва таълим ўртасида зиддиятлар эмас, уйғунлик вужудга келмоқда. Бугунги кунда хотин-қизларимиз тиббиёт соҳасида 75 фоиз, таълим соҳасида 71 фоиз, иқтисодиёт ва саноат соҳасида 47 фоиз, қишлоқ хўжалиги соҳасида 43 фоизни ташкил этмоқда.
Аёл салоҳиятига йўл очаётган - Ўзбек модели
Кейинги йилларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 100 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Эътиборлиси, бу ҳужжатлар фақат қоғозда эмас, балки ҳаётда реал ижросини топмоқда.
Молиявий ёрдам, имтиёзли кредитлар, субсидиялар, грантлар, касб-ҳунар ўргатиш марказлари орқали кўрсатилаётган амалий кўмаклар -аёлларнинг иқтисодий фаоллигини оширишда муҳим омилга айланди. Натижада, мамлакатда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг самарали ва ўзига хос йўналиши - “Ўзбекистон модели” шаклланди. Бу модель - тизимли ёндашув, қатъий сиёсий ирода ва амалиётда ўз тасдиғини топаётган натижаларнинг уйғунлигидир. Умуман олганда, аёлларнинг ҳуқуқий, иқтисодий, маънавий қўллаб-қувватланиши уларнинг жамиятдаги ролини тубдан ўзгартирмоқда. Эндиликда аёллар - турмушнинг “муштини еб” ўтирадиган муҳитда эмас, балки жамоатчилик, тадбиркорлик, давлат бошқаруви соҳаларида ҳам фаол ва таъсирли куч сифатида намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан республика бўйича хотин-қизларни даромадли меҳнат билан таъминлаш, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, қишлоқ хўжалиги йўналишида даромадли меҳнат билан таъминлаш бўйича ҳудудлар кесимида прогноз кўрсаткичлар тасдиқланди. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида, аёлларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича ўқув дастурлари яратилди. Шу тариқа, 156 минг 290 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Бунда, 117минг 911 нафари касб-ҳунарга, 24 минг 357 нафари томорқадан даромад топишга, 8 минг 569 нафари хавфсиз миграция тамойили асосида хорижий тил ва касб-ҳунарга, 5 минг 453 нафари дарахт ва гул кўчатларини етиштириш бўйича ўқитилди. Албатта,авваллари бундай имкониятлар бўлмагани сабаб, “уйда ўтирадиган” аёллар сони кескин ошиб кетган эди. Бугун имкониятлар ва ўзгаришлар сабаб, ижтимоий менталитет ўзгарди. Энди ҳеч кимнинг“оғзини очиб” ўтиргиси йўқ.
Энди иш изловчимас - иш яратувчи
Тадбиркорлик салоҳиятига эга, яратувчанлик ва меҳнатсеварликни ўзида мужассам этган опа-сингилларимиз учун тижорат банклари томонидан жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, 174 минг 885 нафар хотин-қизга салмоқли миқдорда кредит маблағлари ажратилган. Албатта, бу фақат статистика эмас - ҳар бир рақам ортида тақдирлар, ўзгаришлар ва ривожланиш мужассам. Бунинг ортида, хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллиги ва тадбиркорлик салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилган ислоҳотлар намоён бўлмоқда. Энди улар иш изловчи эмас, балки иш яратувчи, жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшувчи фаол шахслар сифатида шаклланиб бормоқда.
Албатта, ҳар бир ислоҳотнинг ҳақиқий қиймати -ҳаётий мисолларда, инсонлар тақдирида, қолаверса тарих кўзгусида ўз аксини топади. Кечаги кунлар тарих саҳнасига айланиб, бугун Мустақиллигимизнинг 34 йиллигини қаршиладик. Инсон қадри улуғланаётган бу юртда аёлларга яратилаётган имкониятлар, ташкил этилаётган инфратузилмалар, қўллаб-қувватлаш механизмлари, нафақат уларнинг меҳнат бозоридаги фаоллигини оширмоқда, балки шахсий ривожланиши ва жамиятдаги тенг ҳуқуқли иштирокини таъминловчи мустаҳкам ижтимоий кўприкка айланмоқда.
Ҳақиқатан ҳам кеча сабр-тоқат тимсоли ва ёрдамчи куч бўлиб, ”оқ қамалда қолган” ёки "уйда ўтирган" аёл: бугунги ислоҳотларда қайта сайқал топган “гавҳар”га айланган. Улар бугун ўз бизнесини бошқаряпти, бошқаларга иш беряпти, ислоҳотлар етакчисига айланяпти. Бугунги аёл, умидвор эмас -умид бағишловчи, у мустақил Ўзбекистоннинг тирик вужуди, бутун бир миллатнинг руҳий таянчидир.
Шуҳрат Нормуродов.