"Кексалар ҳафталиги" кексаларга нима берди: якун, таҳлил, таққос

4-10 октябрь кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби вилоятимизда ҳам “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш - халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида "Кексалар ҳафталиги" тадбирлари ўтказилди.

Ушбу ҳафталик якунида Ургут туманига пресс-тур ташкил этилди. Тадбирда туман ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган нуронийлар, маҳалла фаоллари, туман ҳокимлиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими вакиллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Тадбир аввалида туманнинг “Нуронийлар маскани”да нуроний отахонлар билан давра суҳбати ўтказилди. Унда мазкур ҳафталикда кексалар ҳолидан хабар олиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш бўйича амалга оширилган ишлар алоҳида таъкидланди.

- Ҳафталик тадбирлари доирасида вилоятимизда 18 нафар уруш қатнашчиси, 986 нафар фронторти меҳнат фахрийлари, 57 нафар 100 ёшдан ошганлар ҳолидан хабар олиниб, совға-саломлар улашилди, - деди вилоят “Нуроний” жамоатчилик кенгаши раиси Саидаҳмад Усмонов. -  532 нафар шифохоналарда даволанаётган, 1812 нафар уйида ётиб қолган кексалар ҳолидан хабар олинди, турли совғалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар улашилди. Сайёр тиббиёт бригадалари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди. “Саховат” ва “Мурувват” уйларида истиқомат қилаётган кексаларга озиқ-овқат ва бошқа турдаги мурувват ёрдамлари кўрсатилди.

Ушбу ҳафталик доирасида вилоятимиздаги нуронийлар жамоатчилик кенгашлари аъзолари ҳамда маҳаллалардаги ижтимоий фаол нуронийларлардан 50 нафари Тошкент шаҳриги саёҳат қилиб қайтди.

- Пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” ва “Ғалаба боғи”да бўлдик, - дейди “Жағизмон” маҳалласи фаоли Раббим бобо Эгамбердиев. –Ободончиликлар, юртимиз равнақи йўлида қилинаётган бунёдкорлик ишларини кўриб кўзимиз қувонди. Қолаверса, ҳукуматимиз томонидан биз нуронийларга кўрсатилаётган эътибордан мамнун бўлдик.

Тадбир иштирокчилари пресс-тур маршрутини аввал тумандаги улуғ қадамжо “Ғавсул-Аъзам” зиёратгоҳидан бошлади. Ўтганлар ҳақига Қуръон тиловат қилинди. Улуғ валий зот ва у кишининг мероси ҳақида маълумот берилди. Ушбу масканда музей ташкил этилган бўлиб, мўъжаз музей қадамжо жойлашган Ғўс қишлоғи тарихидан далолат берувчи экспонатлар билан бойитилган.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари туманнинг “Навбоғ” маҳалласида яшовчи 101 ёшли нуроний онахон Иззатой Рўзиева хонадонида бўлди. Олти фарзандни тарбиялаб, элга қўшган Иззатой ая бугун юздан ортиқ невара-чеваралар эъзозида, шукрона ҳисси билан яшаяпти.

- Фарзандларим менга доим камарбаста, - дейди ая уларни дуо қилиб. – Қийин даврларни ҳам бошдан ўтказдим. Шукрки, бугун меҳнатларимнинг самарасини кўряпман. Тинч юртда меҳнат қилиш, атрофингдаги инсонлар эътиборида яшашнинг ўзи катта бахт.

Суҳбат сўнгида онахон ҳолидан хабар олиб турган мутасаддиларга миннатдорчилик билдирди, Яратгандан юртимиз равнақини сўраб дуога қўл очди.

Пресс-тур давомида тадбир иштирокчилари ва нуронийлар туманда бугун олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Хусусан, “Вағашти” маҳалласида бўлиб, маҳалланинг янги биносини топшириш маросимида иштирок этди. Тадбирда туман ҳокими Ботир Жабборов сўзга чиқиб, маҳалла аҳлини янги, барча шароитлар мавжуд маҳалла биносига эга бўлаётгани билан табриклади. 

Шунингдек, тадбир иштирокчилари тумандаги “Мурувват” уйида ҳам бўлди. Бу ерда беморларга яратилган шароит билан танишиб, кекса беморлар ҳолидан хабар олинди.

Сулаймон Мардиев.