Кичик саноат зоналари ходимлари устама ҳақ олади

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги "Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг раҳбар ходимлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш разрядларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан саноат зоналарида меҳнат қилаётган ходимларга ҳақ тўлаш тартиби белгиланди.

Мазкур ҳужжат асосида вилоят ҳокимининг 2019 йил 5 апрелдаги "Самарқанд вилояти кичик саноат зоналари давлат унитар корхонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилиниб, "Кичик саноат зоналари дирекцияси" ДУК таркиби ва ходимлари учун 3,5 та штат бирлиги ажратилди. 

Уларга Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 апрелдаги "Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида"ги қарорида белгиланган тариф разрядлари бўйича лавозим маошлари белгиланган. Икки ойлик маош миқдорида мукофотлаш ва йилда бир марта меҳнатга ҳақ тўлашнинг ойлик фонди миқдорида моддий ёрдам берилади.

Ҳукуматимизнинг тегишли қарорларига асосан дирекция раҳбар ва мутахассисларининг лавозим маошлари 1,5 коэффициентга кўпайтирилиб, уларга 20 фоизли устама белгиланди. Шунингдек, бюджет муассасалари ва ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи миқдорида моддий рағбатлантириш махсус фонди жорий этилмоқда.

Жамшид ХЎЖАЁРОВ, вилоят молия бош бошқармаси ходими.