Кимларга музей ҳамда тарихий объектларга саёҳат харажатлари қоплаб берилиши ва чегирма қилиниши маълум қилинди

"Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори эълон қилинди. Унга кўра:

Таълим муассасаларининг ўқувчи ва талабалари, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва бошқа фуқароларнинг музейлар ва мамлакатимизнинг тарихий манзилгоҳларига ташрифларини назарда тутувчи “Мозийга саёҳат” дастури ташкил этилади.

“Мозийга саёҳат” дастури доирасида:

туризм инфратузилма субъектларига (жойлаштириш воситаларига) чегирма тақдим қилиш ва акциялар ўтказиш тавсия этилади;

давлат олий таълим муассасалари талабаларининг жойлаштириш воситаларида туриш харажатларининг 50 фоизгача миқдори тегишли давлат олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, таълим муассасалари ўқувчиларининг, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жойлаштириш воситаларида туриш харажатларининг 50 фоизгача миқдори маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланиши мумкин;

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат музейларига бепул киритилади;

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг темир йўл чипталари ҳамда жойлаштириш воситаларида туриш харажатлари тўлиқ ҳажмда тегишлича “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан қопланади;

давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан ҳар йили камида бир марта бюджетдан ташқари маблағлар, касаба уюшмалари маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун музейларга кириш чипталарини харид қилиш амалиёти жорий этилади.