Сакларнинг бронза қозони пайариқлиқ фуқародан сотиб олинган

“Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси доирасида кейинги йилларда “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси аҳолидан бир неча экспонатларни харид қилди.

- 2022 йилда музей-қўриқхонамизга Пайариқ туманидаги Муҳаммади қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Анвар Шоғдоров хонадонида сак қабилаларига тегишли бронза қозон сақланиб келинаётганлиги хусусида маълумотлар келиб тушгач, музейимиз илмий ходимлари ушбу хонадонга экспедиция уюштириб, бронза қозонни 13 миллион сўмга сотиб олди, - дейди "Самарқанд" давлат музей-қўриқхонаси тарих бўлими бошлиғи Тўлқин Бўриев. - Аслида ушбу ноёб ашё бундан 29 йил олдин топилган. Фақат уни топиб олганлар унинг ноёблигини билишмаган ва уй–рўзғор ишларида фойдаланиб келишган. Қозоннинг баландлиги 37 сантиметр, оғиз қисмининг диаметри 52 сантиметрни ташкил этади.

Қозон Еттисув воҳаси сак қабилаларига оид бўлиб, милоддан аввалги II-I асрларга оид. Қозон 1993 йилда фуқаро Анвар Шоғдоров томонидан Қароқчи тоғи ва Тешиктепа археологик ёдгорлиги оралиғидаги адирдан канал қазиш вақтида топиб олинган.

Бронза қозонлар бугунга қадар Шимолий Хитойдан Дунай дарёси бўйигача бўлган ҳудудларнинг деярли барча ерида топиб ўрганилган бўлиб, қозонларни саклар, скифлар, сармат ва савроматлар каби кўчманчи қабилаларнинг дегрез усталари минг йиллар давомида қуйиб келишган ва қимматбаҳо буюм сифатида қадрлашган.

Фазлиддин Рўзибоев.