Самарқандда “Алашнинг асл арслонлари” кўргазмаси очилди
Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида Қозоғистон Республикаси давлат марказий музейининг "Алаш" арбобларининг меросини тарғиб этишга бағишланган «Алашнинг асл арслонлари» деб номланган кўчма кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда мазкур кўргазма бугунги ва келажак авлодлар халқларимиз тарихининг энг фожиали даври - 1937-1938 йиллардаги қатағон суронларини ёдда тутишида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
- Бизнинг илдизларимиз, тарихимиз муштарак, ўша фожиали йилларда халқларимиз ҳам бирга эди, – дейди Қозоғистон Республикасининг Самарқанд шаҳридаги бош консули Талгат Шарипов. - Қозоғистон замини ва Ўзбекистон замини Кавказнинг қатағонга учраган халқлари, турк месхетлари, Волга бўйидаги олмонлар, Узоқ Шарқдан келган корейслар каби бир миллионга яқин кишига бошпана берди. Бу кунларни доим ёдда тутишимиз керак.
Таъкидлаш лозимки, Алаш Ўрда – қозоқ халқининг миллий озодлик курашига раҳбарлик қилган миллий партия ва мухтор ҳукуматдир. Озодлик курашчиларининг саъй-ҳаракати билан 1917 йилнинг декабрида пойтахти Семипалатинск шаҳри бўлган Алаш Ўрда мухторияти эълон қилинган. Аммо кўп ўтмай мухторият ва унинг намояндалари большевиклар таъқиби ва тақиқига учраган.
15 ноябргача давом этадиган кўргазмада Алаш Ўрда фаолиятида муҳим ўрин тутган Аҳмет Байтурсинов, Алихон Букейхонов, Миржақиб Дулатов, Муҳаммаджон Тинишпаев, Мустафо Чўқай, Сакен Сейфуллин, Халил Дўсмуҳаммедов, Мағжон Жумабоев каби жадидларнинг муҳим архив ҳужжатлари намойиш этилади.