Самарқандда Ипак йўли музейи қурилиши соҳада янги босқични бошлаб беради
Ипак йўли мавзусини фақат карвонлар, ипак, зираворлар ва савдогарлар тарихи билан чеклаш нотўғри бўлади.
Замонавий музейшуносликда Ипак йўли маданиятлар, ғоялар, динлар, технологиялар, тиллар, санъат услублари ва одамлар ҳаракати тизими сифатида талқин қилинади. Масалан, халқаро кўргазмаларда ҳам Ипак йўли Осиё, Африка ва Европа жамоаларини боғлаган мураккаб тармоқ сифатида талқин қилинмоқда.
Самарқанддаги янги музей ҳам Ипак йўлини глобал алоқалар тарихи сифатида кўрсатиши мақсадга мувофиқ. Бу ёндашув Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизациясидаги ўрнини янада чуқур очиб беради.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 21 апрелдаги қарори билан Самарқандда 9 гектар майдонда барпо этилиши режалаштирилаётган Ипак йўли музейи Ўзбекистоннинг халқаро маданий имижини кучайтирувчи йирик илмий-маърифий марказ бўлиши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, музей экспозицияси археология, тасвирий санъат ва амалий санъатга оид 6 мингдан зиёд ноёб экспонатни бирлаштиради. Унда доимий ва вақтинча кўргазмалар, 160 ўринли аудитория, болалар академияси, консервация ва тадқиқот маркази ҳамда катта фонд сақлов хоналари ташкил этилиши режалаштирилган.
Музей нафақат Самарқандни, балки Ўзбекистонни Ипак йўли цивилизациясини илмий асосда тушунтирадиган марказ сифатида намоён этади. Самарқанд қадимдан савдо, дипломатия, динлар, тиллар, ҳунармандчилик, шаҳарсозлик ва маданий алмашинувлар чорраҳаси бўлган. Шунинг учун бу музей биргина шаҳар ёки мамлакат тарихини эмас, балки Осиё, Европа ва Яқин Шарқ ўртасидаги кенг алоқалар тарихини кўрсатиши лозим.
Агар лойиҳа тўлиқ илмий концепция асосида амалга оширилса, Ипак йўли музейи Ўзбекистондаги аксар музейлардаги анъанавий “экспонатлар жойлаштирилган заллар”дан фарқ қилиши табиий. Унда тарихий буюмлар маданий алмашинув, савдо йўллари, шаҳарлар, сулолалар, динлар, элчилик алоқалари, ҳунармандчилик мактаблари ҳақида комплекс ҳикоя қилинади.
Лойиҳада консервация ва тадқиқот маркази ташкил этилиши назарда тутилгани жуда муҳим. Бу музейни оддий томоша майдонидан илмий муассасага айлантиради. Чунки Ипак йўли мавзуси кўплаб фанларнинг тадқиқот объектидир. У археология, тарих, этнография, санъатшунослик, нумизматика, манбашунослик, реставрация, музейшунослик, география, иқтисодий тарих ва бошқа гуманитар фанлар билан боғлиқ. Шу билан бирга, Самарқанд каби тарихий шаҳарда барпо этиладиган Ипак йўли музейи Ўзбекистоннинг тарихий меросини халқаро миқёсда ишончли, замонавий ва илмий асосда намойиш этиши зарур. Бу музей Самарқанд учун бир неча жиҳатдан муҳим.
Биринчидан, у шаҳарнинг туристик салоҳиятини оширади. Самарқандга келган сайёҳ фақат Регистон, Шоҳи Зинда, Амир Темур мақбараси ёки бошқа диққатга сазовор масканларни кўриш билан чекланмай, Ипак йўли тарихи ҳақида илмий тасаввурга эга бўлади.
Иккинчидан, музей маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар учун илмий база вазифасини бажариши мумкин. Агар фонд сақлов хоналари, тадқиқот маркази ва консервация лабораториялари тўғри йўлга қўйилса, бу ерда археологик ва санъатшунослик тадқиқотлари, халқаро семинарлар, илмий конференциялар ва қўшма экспедиция натижалари муҳокама қилинади.
Учинчидан, музей таълим соҳасига хизмат қилади. Болалар академияси ва 160 ўринли аудитория музейни мактаб ўқувчилари, талабалар, магистрантлар, докторантлар ва гидлар учун доимий таълим майдонига айлантириш имконияти яратилади.
Тўртинчидан, музей Самарқанддаги мавжуд музейлар ва маданий мерос муассасалари фаолиятини бирлаштирувчи марказга айланади. Бу эса музейлар ўртасида фонд, кўргазма, тадқиқот ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорликни кучайтиради.
Бир сўз билан айтганда, Самарқандда барпо этиладиган Ипак йўли музейи Ўзбекистон музейшунослигида янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда. У тарихий хотира, илмий тадқиқот, таълим, туризм ва халқаро маданий мулоқот маркази бўлиши керак. Бунинг учун музей қурилиши билан бир вақтда унинг илмий концепцияси, коллекция сиёсати, экспозиция сценарийси, тадқиқот дастури, рақамлаштириш модели ва халқаро ҳамкорлик стратегияси ҳам пухта ишлаб чиқилиши зарур.
Муҳими, Ипак йўли музейи Ўзбекистоннинг бугунги илмий ва маданий салоҳиятини намоён этиши лозим. Шунда у нафақат сайёҳлар учун қизиқарли маскан, балки олимлар, талабалар, музей ходимлари ва ёш авлод учун ҳақиқий илмий-маърифий марказга айланади.
Маҳмудхон ЮНУСОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, музейшунос.