Эрмитажда ўзбек халқи ва давлатчилигитарихига оид маданий ёдгорликлар кўп
Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон Санкт-Петербургликлар клубининг 11-йиғилиши бўлиб ўтди.
Маданий-маърифий тадбирда икки мамлакат музейшунослари, кутубхоналар раҳбарлари иштирок этди.
Анъанага кўра, йиғилишни Россиянинг Эрмитаж музейи директори ва клуб раиси Михаил Пиотровский онлайн чиқиши билан очиб берди ҳамда тадбир иштирокчиларини табриклади.
Бутунжаҳон Санкт-Петербургликлар клуби 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, клуб фаолиятининг асосий мақсадларидан бири дунё бўйлаб тарихий меросни сақлаш ва ушбу соҳада илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳада замонавий технологияларни жорий этишдан иборат.
- Бугунги тадбир айни шу жиҳатга қаратилганлиги билан аҳамиятли, - дейди Эрмитаж давлат музейи етакчи илмий ходими Галина Радионова. – Ушбу икки шаҳар маданияти, инсон тамаддунига қўшган ҳиссаси билан тарихан ўхшаш маданий марказлар ҳисобланади. Бу ҳамкорлик юз йилга яқин муддатни ўз ичига олади. Иккинчи жаҳон уруши даврида – 1942-1943 йилларда Санкт-Петербург Бадиий академияси Самарқандга кўчирилган. Бугунги тадбир ушбу тарихий куннинг 80 йиллиги муносабати билан шу кўҳна кентда бўлиб ўтяпти. Ҳозир ҳам Эрмитаж музейи Самарқанд археология институти билан турли лойиҳаларда ҳамкорлик қилмоқда. Таъкидлаш жоизки, музейимизда ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихига оид жуда кўп маданий ёдгорликлар сақланяпти. Шу жиҳатдан Санкт-Петербург Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этишда катта аҳамиятга эга.
Тадбир қатнашчилари ҳамда клуб аъзолари Самарқандда маданий меросни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш мақсадида амалга оширилаётган ишларни эътироф этди. Бундан кейин ҳам ушбу соҳада ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тасарруфидаги 14 та вилоят ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари малакасини ошириш бўйича Санкт-Петербург шаҳридаги Президент кутубхонаси ҳамда Маяковский номидаги шаҳар кутубхонаси билан имзоланган меморандум бўйича иш-режа белгилаб олинди.
- Меморандум жорий йил 15-18 июнь кунлари Санкт-Петербургда бўлиб ўтган ХХV Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида имзоланган эди, - дейди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбари Умида Тешабоева. - Ҳар бир кутубхона билан мақсадлар, амалга ошириш механизмлари ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш муддатларига аниқлик киритган ҳолда ўзаро ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқишга қарор қилдик.
Тадбир иштирокчилари клуб, унинг халқаро фаолияти ва Самарқандга оид ўрни ҳақида сўзлади ҳамда клуб томонидан нашр этилган китоблар совға қилинди.
Сулаймон Мардиев,
Жасур Шукуров (сурат).