Китоб – билим манбаи, кутубхона шу билимларнинг ўчмас хазинаси

Кутубхона шунчаки китоблар жамланган жой эмас, балки инсон тафаккури, маънавий олами ва интеллектуал салоҳиятини бойитадиган муҳим маскандир.

Ҳар бир даврда кутубхоналар жамият тараққиёти учун асосий манба бўлиб келган. Чунки китоб – билим манбаи, кутубхона эса ана шу билимларнинг ўчмас хазинаси ҳисобланади.

Бугунги кунда кутубхоналар замонавий технологиялар, электрон ресурслар, мустақил ўқиш хоналари ва турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган маънавий марказга ҳам айланган. Ўқувчи ёки талабалар учун қулай шароит яратилгани, интернет тармоғи, компьютерлар мавжудлиги кутубхонанинг аҳамиятини янада оширади.

Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Самарқанд вилояти академик лицейининг ахборот-кутубхона технологиялари марказида 3022 та китоб бўлиб, шундан 1102 таси бадиий адабиётлардир.

Ўқувчи ёшларни мунтазам китоб ўқишга жалб этиш, маънавий дунёқарашини кенгайтириш ҳамда ахборот-кутубхона технологиялари маркази фаолиятини янада жонлантириш мақсадида “Китоб – менинг дўстим”, “Энг фаол китобхон”, “Ўқиш – тафаккур чироғи”, ”Ҳар гуруҳга бир китоб”, “Мен севган асар” каби бир қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, ўқувчилар учун китоб кўргазмалари, янги адабиётлар тақдимоти ташкил этилиб, энг фаол китобхонлар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланмоқда.

Китобхонликни тарғиб этиш бўйича ишлар ўқувчи-ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини оширишда, мустақил фикрлашини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Келгусида бу йўналишда янада кенгроқ кўламдаги тадбирлар ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Кутубхона ходимлари ҳам ушбу жараёнда муҳим ўрин тутади. Улар ёшларни керакли адабиётга йўналтиради, тавсиялар беради ва китобга меҳр уйғотади. Шу тариқа кутубхона жамиятнинг маънавий юраги бўлиб хизмат қилади.

Г.Исоқова,

Академик лицей ахборот-кутубхона технологияси бўйича етакчи мутахассис.

 К.Раҳматуллаева,

ушбу кутубхона мутахассиси.