Кутубхоналарда китоб кўп, китобхон-чи?
Китобхонлик маданияти қай ҳолатда шаклланяпти? Кутубхоналардаги мавжуд китобларнинг сақланиш жараёни қандай? Китобхонлар сонини ошириш учун нима ишлар қилиняпти?
Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ташаббуси билан Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, Тойлоқ ҳамда Жомбой туманидаги ахборот-кутубхона марказларига пресс-тур уюштирилди.
Дастлаб, журналист ва блогерлар вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб, кутубхона тарихи, унинг фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ерда яратилган шароитлар, имкониятлар, сақланаётган қадимий қўлёзмалар, нодир адабиётларни кўздан кечирди.
- Бугунги кунда ахборот-кутубхона марказимиз Ўзбекистонда етакчи кутубхоналардан бири ҳисобланади, - дейди марказ директори Зебинисо Шодиева. - АКМда китобхонларга хизмат кўрсатувчи 14 та таркибий бўлим фаолият юритади. Кутубхонамиз дунёдаги 40 дан ортиқ тилда ва турли ахборот ташувчилардаги 645 014 минг нусха универсал жамғармага эга. Келгусида ўзимиздаги мавжуд XV-XVI асрга оид нодир қўлёзмаларимизни турли тилларга таржима қилиш бўйича ҳамкорликка эришяпмиз. Бу ўз навбатида тарихимизни янгитдан ўрганиш имконини беради. Албатта, бунинг учун халқаро тажрибаларни ҳам ўзлаштиряпмиз. Бу каби ишларимиз туманлардаги кутубхона марказларимизда ҳам давом этяпти.
Пресс-тур иштирокчиларининг кейинги манзили Тойлоқ туманидаги ахборот-кутубхона маркази бўлди. Замонавий қиёфага эга бу зиё масканида китобхон ёшлардан тортиб, кекса отахон ва онахонларни ҳамда туман мутасаддиларини учратдик. Бизга туман ҳокимининг ўринбосари Жаҳонгир Ҳақбердиев ҳамроҳлик қилди ва кутубхона ҳақида, уни ривожлантириш борасида режаларини айтди. Биргаликда бинода яратилган шарт-шароитлар ҳамда сақлов хоналари, ўқув залларини кўздан кечирдик.
Туман ахборот-кутубхона марказининг биноси 2021 йил реконструкция қилиниб, туман аҳлига хизмат кўрсатиш учун топширилгани, марказ фаолиятини 8343 нусхадаги адабиётлар билан бошлаган бўлса, бугунги кунда 12369 номда 17574 нусха китоб фондига эга бўлгани айтилди. Ахборот-кутубхона маркази 2020 йилда 1865 нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатган бўлса, бу кўрсаткич 2023 йилга келиб, 8184 нафарга етган.
Иштирокчиларнинг кейинги манзили Жомбой тумани ахборот-кутубхона маркази бўлди. Бу ерда кутубхона ва “Жомбой тонги” газетаси таҳририятининг бир жойда фаолият кўрсатаётгани маънавиятга ва илмга берилган баҳо.
Биз бу ерда Жомбой тумани ижодкорларининг “Умид” тўгараги аъзолари жам бўлганлигини кўрдик. Қувонарлиси, туман ҳокими Қаюм Собиров ҳам тўгарак аъзоси экан ва аъзолар билан учрашувда баҳри-байтлар, шеърхонлик ва жонли ижрода куй-қўшиқларни бирга куйлади.
Шундан сўнг, ахборот-кутубхона маркази биноси 2023 йилда 1,2 млрд. сўм маблағ ҳисобидан қуриб, фойдаланишга топширилгани, 13 нафар ходим фаолият олиб бораётгани тўғрисида маълумот берилди.
Муассасанинг китоб фонди 17 187 нусхани ташкил этади. Зиё масканида бугунги кунда китобхонлар сони 5505 нафарга етган. Шундан 3355 нафари 30 ёшгача бўлганлар ҳисобланади.
Пресс-тур давомида 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан, вилоят, шаҳарлар ва туманлар марказларида ахборот-кутубхона марказлари ташкил қилиниши ва айни пайтда вилоятнинг шаҳар ва туман марказларида 16 та ахборот-кутубхона маркази фаолият олиб бораётгани таъкидланди.
Шундан вилоят, Каттақўрғон шаҳар, Ургут, Тойлоқ, Иштихон, Пахтачи, Каттақўрғон, Жомбой туманлари ахборот-кутубхона маркази учун алоҳида бино ажратилганлиги, китобхонларга хизмат кўрсатиш ва маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш учун барча шароитлар яратилгани айтиб ўтилди. Нуробод, Оқдарё, Пайариқ туманлари ахборот-кутубхона марказларига ҳам бино ажратилган бўлиб, китобхонлар учун шарт-шароит яратилаётгани ҳам маълумот ўрнида таъкидланди.
Айни пайтда ўз биносига эга бўлмаган Булунғур, Самарқанд, Қўшработ, Паст Дарғом, Нарпай туман ахборот-кутубхона марказлари вақтинча бошқа биноларда фаолият олиб бораётган экан. Бу кутубхона масканлари учун ҳам 2024 йил давомида замонавий бино қуриш режалаштирилган.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.