25 нафар мактаб кутубхоначисининг қарийб 55 миллион сўмлик иш ҳақи тўлаб берилмаганлиги аниқланди
Каттақўрғон тумани адлия бўлими томонидан туман халқ таълими бўлимида ўтказилган мониторинглар натижасида ҳудуддаги бир эмас, ўн эмас, 20 нафардан ортиқ мактаблардаги кутубхоначиларга берилиши керак бўлган қўшимча рағбатлантириш пуллари тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Хусусан, тумандаги 31-мактаб кутубхоначиси Н.Бозорова 2 182 957 сўм, 92-мактаб кутубхоначиси М.Ялғашова 1 029 697 сўм, 44-мактаб кутубхоначиси Х.Шарипов 2 059 394 сўм, шунингдек, 4, 41, 73, 104, 28, 8, 27, 24, 51 ва 5-мактаб сингари иш ҳақларига қўшимча тарзда берилиши лозим бўлган жами 25 нафар кутубхоначига 54 миллион 580 минг 431 сўм тўланмаган.
Адлия бўлими ходимларнинг манфаатларини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Каттакўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритди. Суд Фуқаролик процессуал кодексининг 171, 178-моддаларини қўллаб, адлия бўлимининг аризасини қаноатлантирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги ПФ-134-сон фармони билан умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган кутубхоначиларининг ойлик маошлари 2022 йил 1 сентябрдан оширилиши белгиланган.