Кўкчадаги мақбара Амир Темур томонидан қурилган(ми?)

Бугунги кунда зиёлилар, айниқса, халқ орасида Тошкент шаҳрининг Кўкча даҳасида жойлашган Шайх Зайниддин бобо мақбараси ҳам Аҳмад Яссавий мақбараси каби Амир Темур томонидан барпо қилингани ҳақидаги маълумотлар кенг тарқалган. Лекин бу маълумотлар тўғри эканлигини исботловчи аниқ фактлар йўқлиги муаммо бўлиб келмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти ҳамкорлигида ташкил этилган онлайн семинарда шу каби илмий муаммолар ўртага ташланди. 

Хусусан, семинарда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси “Исломшунослик ва Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедраси ўқитувчиси Ўктамбек Султоновнинг “Шайх Зайниддин Куйи Орифоний шахсияти: тарихий фактлар ва ривоятлар таҳлили” мавзусидаги маърузаси тингланди. Кўкчадаги мақбара қурилиши билан боғлиқ олиб борилаётган тадқиқот ишлари ҳақида маълумотлар берилди. 

Юртимиз ва хориждаги илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари ва диний-маърифий йўналишда фаолият олиб бораётган ёш олим ва тадқиқотчилари иштирок этган семинарда исломшунос, шарқшунос ва темурийшунослар ҳам мавзуда кўтарилган муаммолар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Олимлар ушбу тадқиқот ишини ҳамкорликда давом эттиришга келишиб олди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати.