Кўкка юксал байроғим!

Ички ишлар вазирлигининг Самарқанд академик лицейида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан ана шу мавзуда тадбир бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз тарихида бундан 29 йил олдин миллий давлатчилигимиз рамзи бўлган байроғимиз қабул қилиниб, юртдошларимиз қалбида истиқлол шукуҳини оширгани, бетакрорлиги билан мусаффо осмонимиз узра ҳилпираётгани вужудимизда ватанпарварликни уйғотиши ҳақида сўз юритилди.

Ўқувчилар ўртасида ижодий танловлар ўтказилиб, ёш ижодкорлар ота-боболаримиз учун неча йиллар орзиқиб кутилган мустақиллик рамзини ифодалаш бўйича иқтидорларини намойиш этишди. Расмлар танловида ёш мўйқалам соҳиблари байроғимиздаги турфа рангларни маҳорат билан тасвирлашди. Танловлар натижасига кўра, энг яхши шеър айтган, расм чизган ўқувчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Жаҳонгир ЎРОҚОВ.