Конституциямиз муаллифларидан бири

Академик Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов таваллудига 100 йил тўлди

Ўзбекистон ҳуқуқшунослиги ва давлатчилик илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган атоқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, юридик фанлар доктори, профессор, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов таваллуд топганига 100 йил тўлди.

 Бу сана нафақат унинг шогирдлари, ҳамкасблари ва оила аъзолари учун, балки бутун мамлакатимиз ҳуқуқшунос олимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари жамоаси учун ҳам катта тарихий аҳамият касб этади. 

Чунки, у ҳаёти давомида назария ва амалиётни уйғун тарзда олиб бориб, юртимизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида муносиб из қолдирган забардаст олимдир.  Унинг Ўзбекистоннинг ҳуқуқий тизимини ривожлантиришга, илмий мактаб яратишга ва янги авлод юристларини тарбиялашга қўшган ҳиссаси беқиёс. 

1925 йил 2 сентябрда Чимкент вилоятининг Сайрам қишлоғида оддий деҳқон оиласида дунёга келган Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов ёшлигидан меҳнатсеварлик ва ватанга муҳаббат хислатларини намоён этди. Унинг ёшлиги Иккинчи жаҳон урушининг оғир йилларига тўғри кeлди. Ёш бўлса-да дастлаб фронт ортида меҳнат қилди, кейинчалик фронтга кетди. 

Урушдан кейин Ленинград офицерлар билим юртини тамомлаб, 1946 йили кичик лейтенант унвони билан захирага чиқди. У Ватан уруши ордени ва 12 та жанговар ва юбилей медаллари билан тақдирланди.

Урушдан кейин Ҳ.Раҳмонқулов Тошкент юридик институтига ўқишга кирди. 1950 йилда институтни муваффақиятли тамомлагач, Адлия вазирлигида меҳнат фаолиятини бошлади. 1957 йилда эса Ленинград давлат университетининг аспирантурасига қабул қилинди. 

1960 йилда «Пахта тайёрлаш ва уни етказиб бериш бўйича муносабатларнинг ҳуқуқий шакллари» мавзусида номзодлик, 1970 йили эса «Саноат ва қишлоқ хўжалиги ўртасидаги товар айланиши соҳасидаги шартнома муносабатлари» мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади. Бу ишлар Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим масалаларига бағишланган бўлиб, унда муаммоларнинг ҳуқуқий ечимларни таклиф қилди. Унинг истиқболни англаш ва чуқур таҳлилий фикрлаш қобилияти ушбу тадқиқотларда ўз аксини топди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, у шўролар давридаёқ бозор муносабатларига ўтиш зарурлигини олдиндан кўра билди.

1960-1980 йилларда Ҳ.Раҳмонқулов Ўзбекистон Фанлар академиясининг И.Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институтида илмий ходим, шуъба мудири лавозимларида ишлади ва самарали илмий ижод қилди. Ўша даврда жамиятнинг иқтисодий асосини ташкил этган социалистик мулк шакли шароитида товар айланишини тартибга солишнинг ҳуқуқий шакллари ва услублари ҳақидаги хулосалари ва таклифлари алоҳида қизиқиш уйғотди, илмий баҳс-мунозараларга сабаб бўлди ҳамда ҳуқуқшунос олимларнинг асарларида юқори даражада эътироф этилди. 

1980-1985 йилларда Ҳ.Раҳмонқулов Самарқанд давлат университетининг юридик факультетида ўзининг ташаббуси билан ташкил қилинган “Фуқаролик-ҳуқуқий фанлар” кафедраси мудири сифатида педагогик фаолият олиб борди. Ўқитувчилар томонидан ўқув қўлланмаларини тайёрлаш ва нашр этилишига бошчилик қилди ҳамда факультет илмий салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшди. 

1985-1989 йилларда Ҳ.Раҳмонқулов яна Фалсафа ва ҳуқуқ институтида шуъба ва ҳуқуқ бўлими мудири лавозимларида ишлади. 1989 йилда институт директори лавозимига сайланди ва Фанлар академияси томонидан тасдиқланди.

Институтда ўша пайтда фақат битта ихтисослаштирилган кенгаш – фалсафа фанлари бўйича докторлик ва номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилиш кенгаши фаолият юритар эди. Унинг тинимсиз хатти-ҳаракати билан институтда ҳуқуқ фанлари бўйича минтақавий ихтисослаштирилган кенгаш ташкил қилинди. Кенгаш нафақат Ўзбекистон, балки бошқа республикалар учун ҳам юқори малакали ҳуқуқшунос олимларни тайёрлашга ҳамда Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг илмий нуфузини оширишга хизмат қилди. 

Ҳ.Раҳмонқуловнинг Президент давлат маслаҳатчиси сифатидаги фаолияти даври республика ҳаётидаги улкан тарихий воқеаларга тўғри келди. Ўзбекистон ўзини суверен давлат деб эълон қилди. Республиканинг мустақил давлат сифатидаги ҳуқуқий мақомини белгилаш, Ўзбекистон Конституциясини ишлаб чиқиш ҳамда янги сиёсий шароитларда бошқа суверен республикалар билан муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини аниқлаш масалалари кун тартибига қўйилди. 

Бу жараёнларда у бевосита иштирок этди. Хусусан, Конституциявий комиссия аъзоси сифатида Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов Конституция лойиҳасининг «Жамият ва шахс» бўлими устида ишлаган ишчи гуруҳга раҳбарлик қилди.

Шу даврда унинг «Фуқаролик: шахс ҳуқуқлари, бурчлари ва эркинлиги» номли монографияси нашр этилди. Бу мазкур мавзуга бағишланган биринчи комплекс ва яхлит монография эди. 

Ундаги илмий асослантирилган таклиф ва тавсиялари Конституция лойиҳасининг фуқаролик, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари ҳамда фуқаролар бурчларига бағишланган бобларини ишлаб чиқишда эътиборга олинди. 

Ҳ.Раҳмонқулов янги Фуқаролик кодекси концепциясини ишлаб чиқишга ҳам раҳбарлик қилди ва унинг лойиҳасини тайёрлашда ўзининг ташкилотчилик ва юксак илмий иқтидорини намоён этди. 

Бу кодексни олимлар «Бозор иқтисодиёти конституцияси» деб аташади. Кодекс янги жамият тузуми ривожланиши тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ва кенг муносабатлар доирасини қамраб олган. 

Ҳ.Раҳмонқулов мутахассислар ишчи гуруҳи фаолиятига раҳбарлик қилиб, Ўзбекистон Республикасининг муҳим қонун ҳужжатларидан бири – Оила кодекси лойиҳасини тайёрлашга ҳам раҳбарлик қилди. Ушбу кодекс 1998 йил 30 апрелда тасдиқланган. 

Ҳ.Раҳмонқуловнинг илмий-тадқиқот фаолияти унинг педагогик фаолияти билан доимо узвий боғлиқ бўлган. ТошДУ юридик факультетида «Фуқаролик ҳуқуқи» фанидан мунтазам маърузалар ўқиди. 1993 йилда Ҳ.Раҳмонқулов ташаббуси билан Тошкент давлат юридик институтида янги «Бозор-хўжалик ҳуқуқи» кафедраси ташкил этилди. У кафедрани бошқариб, ўқув дастурини ишлаб чиқди ва унга мувофиқ маърузалар ўқиди. 

1999 йилда эса мустақил Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлар билан мулкий, савдо-иқтисодий, оилавий ва меҳнат муносабатлари ривожланишини ҳисобга олган ҳолда унинг ташаббуси билан «Халқаро хусусий ҳуқуқ» кафедраси ташкил этилди. Кафедрада ёш олим-мутахассислар «Рим хусусий ҳуқуқи», «Халқаро хусусий ҳуқуқ», «Халқаро савдо ҳуқуқи», «Корпоратив ҳуқуқ», «Мажбуриятлар ҳуқуқи» ва бошқа фанлардан дарс берди. 

Ҳ.Раҳмонқуловнинг энг катта хизматларидан бири унинг ўз илмий мактабини яратганидир. У киши фақат шахсий тадқиқотлар билан чекланиб қолмади, балки юзлаб ёш олимлар, ҳуқуқшунослар ва амалиётчи юристларни тарбиялади. Унинг раҳбарлигида ҳимоя қилинган диссертациялар, ёзилган монографиялар ва илмий ишлар орқали бутун бир цивилистик ҳуқуқ мактаби шаклланди.

Ҳ.Раҳмонқулов нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа республикалари учун ҳам илмий кадрлар тайёрлашда катта ҳисса қўшди. Унинг илмий раҳбарлиги остида Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжондан 60 дан ортиқ фан номзоди ва 15 дан ортиқ фан доктори тайёрланган. 

Бугун академикнинг кўплаб шогирдлари юртимизда ва хорижда нуфузли олим, судья, прокурор, юрисконсульт ва давлат арбоблари сифатида фаолият юритмоқда. Улар ўз устозидан нафақат илм, балки инсонийлик, масъулият ва садоқат дарсини ҳам олган. 

Хулоса қилиб айтганда, академик Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов – илм ва инсонпарварлик уйғунлашган, саховатли устоз ва юксак маънавият эгаси сифатида миллий ҳуқуқшунослик тарихида абадий из қолдирган.

Устознинг 100 йиллиги – бу шонли тарихий сана, унинг ҳаёти ва илмий мероси катта хазина ва улкан ибрат мактабидир. 

Фозилжон Отахонов,

Одил судлов академияси  профессори, юридик фанлар доктори.