Корея билан ҳамкорликда Самарқанд археология институтида "Маданий мерос консервация маркази" ташкил этилади

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос университетида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Жанубий Корея Республикаси делегацияси англашув меморандуми имзолади.

Лойиҳанинг биринчи босқичи Ўзбекистондаги музейлар салоҳиятини ошириш ва моддий техник базасини ривожлантириш бўлиб, 2020-2021 йилда Самарқанд музей қўриқхонасида амалга оширилди.

Меморандумга кўра, лойиҳанинг иккинчи босқичи 2022-2026 йилга мўлжалланган бўлиб, Самарқанднинг маданий туризм ресурсларини ривожлантириш ва салоҳиятини оширишга ҳамда Самарқанд археология институтида замонавий консервация ва реставрация лабораториясини ривожлантиришга қаратилган.

- Лойиҳа қиймати 3 миллион 800 минг АҚШ доллари бўлиб, бу борада Корея Республикасининг «Корея маданий мерос фонди» ва Маданий мерос агентлиги билан келишувга эришилди, - деди Самарқанд археология институти директори Муминхон Саидов. – Унга кўра, маданий мерос консервация марказини ташкил этиш, археологик объектларда қазиш, маданий мерос объектларни 3D ўлчамларини олиш, Самарқанд маданий мероси бўйича маълумотлар базасини яратиш кўзда тутилмоқда.

«Корея маданий мерос фонди» лойиҳанинг молиявий таъминотини амалга оширади, яъни консервация-реставрация, GPR, археология ва маданий меросни бошқариш бўйича 25 нафар мутахассисни Ўзбекистонда ўқитиш, икки нафар стажёрни Кореяга таклиф қилиш, Самарқанд археология институтида Маданий мерос консервация марказини ташкил қилиш каби вазифаларни бажаради.