Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги президенти Самарқандда
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) президенти Чанг Вон Сам бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICА) техник кўмак кўрсатиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, ҳамкор давлатлар билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш йўли билан беминнат ёрдам дастурларини амалга оширади.
Шу асосдаги фаолият давомида Ўзбекистон билан ҳамкорлик даврида КОICА агентлиги умумий қиймати 270 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган 40 дан ортиқ турли лойиҳа ва ривожланиш дастурларини амалга ошириб келмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистондаги жорий лойиҳалар портфели таълим ва малака ошириш йўналишида 47,9 миллион долларни, соғлиқни сақлаш йўналишида 19,5 миллион, давлат бошқарувида 42,69 миллион, яшил ривожланишда 13,3 миллион долларни ташкил қилмоқда.
Делегация дастлаб Самарқанд шаҳрида KOICA томонидан барпо қилинган касб-ҳунар таълим маркази фаолияти билан танишди.
Марказда бугунги кунда 6 та замонавий касб, 3 та хорижий тил курслари ҳамда тадбиркорлик ва бизнес лойиҳалари бўйича курслар ташкил қилинган. Уларда айни пайтда 280 нафар ёшларга касб-ҳунар ўргатилаётган бўлса, 200 нафардан ортиқ фуқаро хорижий тил ҳамда тадбиркорлик ва бизнес курсларида ўқитилмоқда.
Чанг Вон Сам бошчилигидаги делегация марказ раҳбари Исмоил Эргашев ҳамроҳлигида касбларни ўргатиш жараёни билан яқиндан танишди. Касб-ҳунар ўрганаётган фуқаролар билан мулоқот қилиб, яратилган шароитлар самарадорлигини кўздан кечирди. Ташриф якунида марказ масъуллари билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида қисқа мулоқот ўтказилди.
Учрашувда томонлар ҳамкорлик истиқболлари, хусусан, KOICA томони саноат йўналишидаги мутахассисларга талаб юқори эканлигини таъкидлаб, мазкур йўналишда кадрлаш жараёнини жадал ривожлантириш таклифини илгари сурди.
– Ташрифимиздан кўзланган мақсад KOICA томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ҳолатини кўздан кечиришдан иборат эди, – дейди Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги президенти Чанг Вон Сам. – Самарқандаги марказ фаолияти билан танишиб, хурсанд бўлдим. Бизнинг мақсадимиз амалда ўз натижасини бераётганлиги бизни қувонтирди. Ўйлайманки, Ўзбекистондаги бошқа лойиҳаларимиз ҳам худди шундай самарали амалга оширилмоқда. Марказ билан танишув жараёнида фуқароларнинг касбларни ўрганишга бўлган иштиёқи мени руҳлантирди. Айниқса, бу ерда касб ўрганиб, Кореяда бўлиб қайтган фуқароларнинг фикрлари мени таъсирлантирди. Лойиҳамизнинг мақсади ҳам касб ўргатиш орқали техник йўналишларда малакали мутахассисларни тайёрлаш, ҳохловчиларни Кореяга меҳнат фаолиятига жалб қилишдан иборат. Албатта, биздаги йирик саноат корхоналарида фаолият юритган мутахассислар Ўзбекистонга қайтгач юртингиз санаоти салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшувчи кадрлар бўлиб хизмат қилади. Бизнинг келгуси режаларимиз саноат учун малакали мутахассислар тайёрлашга каратилмоқда. Бу йўналишда ҳам ҳамкорлигимиз истиқболли бўлишига ишонаман.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги президенти Чанг Вон Сам ва Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Феруз Абиловнинг учрашувида ҳам томонлар келгуси ҳамкорлик йўналишлари ҳақида ўзаро фикр алмашдилар.
Хусусан, Самарқанд масъуллари KOICA томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар Самарқанд вилояти ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлаб, техник йўналишлардан ташқари, тиббиёт соҳасида ҳам ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдиришди. Хусусан, Самарқанд давлат университетида тиббиёт ходимлари малакасини баҳолаш марказини ташкил қилиш, вилоятда тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш борасидаги бир нечта лойиҳалар тақдим этилди. KOICA томони ҳар қандай ҳамкорлик икки томоннинг саъй-ҳаракатлари ва қўллаб-қувватлаши асосида амалга оширилишини билдириб, таклиф этилган йўналишлар долзарб эканлигини қайд этишди.
Жаноб Чанг Вон Сам бошчилигидаги делегация Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари билан ҳам танишди.