Коронавирусга қарши эмлаш бошқа юқумли касалликларга қарши эмлашлар сингари амалга ошириладими ёки алоҳида талаблар борми?
Ушбу саволга АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков жавоб берди:
— Вакциналарнинг республикамизга олиб келинган миқдоридан келиб чиқиб, аҳолининг кўп тўпланиб қолишига йўл қўймасдан, эмланишга келган аҳоли орасида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда, ҳозирча ҳар битта эмлаш пунктида бир кунда эмланадиган аҳоли сони 70 нафаргача деб белгиланмоқда.
Коронавирусга қарши эмланган шахслар патронаж тиббиёт ходимлари томонидан, эмлангандан сўнг 30 дақиқа давомида, кейинчалик 3 (уч) кун давомида уйига ташриф буюриш йўли билан мунтазам суриштириб борилади, уларнинг соғлиғи кўздан кечирилиб, 64/х ҳужжат билан расмийлаштирилади.
Марказдан ва аҳоли яшаш пунктларидан узоқда жойлашган ҳудудлар аҳолисини коронавирусга қарши эмлашни амалга ошириш мақсадида аҳолини бориши қулай, яқин бўлган оилавий шифокор пункти филиалларида ҳам вақтинчалик эмлаш пунктлари ташкил қилиниб, ҳаракатдаги бригада-врач, вакцинатор ва дублёрлардан иборат гуруҳлар фаолияти ташкил этилиб, улар зарур автотранспорт воситалари билан таъминланади.
Дарвоқе, коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари республикамизга ушбу вакциналарнинг етиб келиш муддати билан боғлиқ. Ҳозирча бу муддат февраль ойининг охири ва март ойининг бошлари деб белгиланмоқда.