Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Корруцияга қарши “комплаенс-назорат” тизими нима?

Бугун коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсати “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг тизимлилик тамойилига асосланган ҳолда амалга оширилмоқда. Хусусан, ушбу қонун ҳар йили коррупцияга қарши курашиш бўйича аниқ ва самарали чоралар ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини белгилайдиган давлат дастурларини қабул қилишга, коррупция билан курашишнинг самарали чораларини белгилашга қаратилган Президент ва Ҳукумат фармон ва қарорларини қабул қилишда намоён бўлмоқда.

Жумладан, 2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизими («комплаенс-назорат»)нинг жорий этилиши алоҳида ўрин тутади.

Корруцияга қарши “комплаенс-назорат” тизими деганда, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг ходимлари фаолиятидаги коррупциявий фаолият соҳаларини аниқлаш ва бартараф этишга, уларнинг фаолиятини коррупцияга қарши курашишга оид халқаро стандарт ва тавсияларга, миллий қонунчилик ҳужжатларига ва ички мейёрларга мувофиқлигини назорат қилиш ва таъминлашга қаратилган универсал профилактик тизим тушунилади.

Мисол учун, ҳар бир тадбирнинг самараси, унинг тўғри танланган йўналишларига боғлиқ. “Комплаенс-назорат” тизимининг коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг асосий йўналишларига манфаатлар тўқнашувини бошқариш, совғалар ва иш жараёнида меҳмондўстлик белгилари, ходимларни танлаш, лавозимдан лавозимга ўтказиш, моддий рағбатлантириш, текширишларни ўтказиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ўрганиш, контрагентлар ва учинчи шахслар билан ўзаро муносабатлар, хайрия ва ҳомийлик фаолияти, сирли мижоз тадбири, фаолиятни видеотасвирга олиш ва трансляция қилиш, ички ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси ва ходимларга маслаҳат беришни келтириш мумкин.

Ушбу асосий йўналишларнинг барчаси ходимлар орасида ҳамда жамиятда коррупцияга қарши курашиш маданияти даражасини ошириш мақсадида ходимларнинг юқори ахлоқий меъёрларга содиқлигини, шунингдек, ўз фаолиятида коррупциявий ҳуқуқбузарликларга муросасизлик ва уларни содир этишга йўл қўймасликни акс эттиради.

Ҳар бир йўналишнинг тизимли равишда амалга оширилиши, хусусан, манфаатлар тўқнашувининг олди олиниши натижасида ходимларнинг яхши ишлаб, мукофотларга эга бўлиши, коррупциявий хавф-ҳатарларга йўл қўймаслиги, пора олмаслик ва жавобгарликка тортилмаслигига омил бўлади.

Коррупцияга қарши ички «комплаенс-назорат» тизими аввало, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг нафақат коррупциявий хатти-ҳаракатларни содир этишининг олдини олишга, фаолиятининг норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлишини таъминлашга, балки уларнинг манфаатларига, турли таҳдидлар ва жавобгарликлардан ҳимоя қилади.

Рафиқ ШАКУРОВ,

Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази катта ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди.