Коррупцияни йўқотиш, аввало, мансабдорларга боғлиқ

Коррупция билан боғлиқ жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 25,3 миллиард сўмдан ошади. Мазкур жиноятлар таҳлил қилинганда, уларнинг 19 таси банк, 17 таси олий таълим, 15 таси халқ таълими, 33 таси соғлиқни сақлаш, 20 таси мактабгача таълим, 4 таси солиқ, 21 таси ички ишлар, 8 таси мажбурий ижро бюроси, 3 таси суд соҳаси ҳамда 58 таси бошқа корхона, ташкилот ходимлари томонидан содир этилгани аниқланди.

Бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари бўйича 2 минг 249 нафар шахсга нисбатан маъмурий ишлар қўзғатилган. Энг ташвишлиси, бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар назоратига масъул бўлган тизимининг ўзида ҳам бюджет маблағлари талон-торож қилинмоқда. Мисол учун, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Тойлоқ тумани бўлими мансабдор шахслари 10 ҳолатда 111 миллион сўмлик пенсия маблағларини ўзининг пластик картасига ўтказиб ўзлаштириб юборган.

Сўнгги икки йилда вилоятдаги банкларнинг 33 нафар мансабдор шахслари коррупция ва мансабдорлик жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Жумладан, вилоят Миллий банки ходими омонатчиларнинг ҳисоб рақамидан 90 ҳолатда 7,7 миллиард сўм, 607 минг АҚШ доллари ва 1 461 евро, яъни жуда кўп миқдордаги омонат пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

“Агробанк” Челак филиали ходими эса кредит ажратишни сўраб банкка мурожаат қилмаган фуқаролар номига 30 миллион сўм миқдорида микроқарз ажратиб, пластик карточкасига тушириб, ўзлаштирган.

Аҳолининг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳаларга бюджет маблағлари банк орқали  ажратилмоқда. Лекин бундай маблағлар ҳақиқий эгаларига етиб бормасдан, айрим банк мансабдор шахсларининг “ўлжа”сига айланмоқда. Масалан, “Ипотека банк” Кўксарой филиали “Жума” мини-банки мудири банкнинг бошқа мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктириб, давлат дастури асосида балиқчилик ва аҳоли тадбиркорлиги учун ажратилган 6 миллиард 995 миллион сўм кредит маблағларини талон-торож қилган.

Кейинги икки йилда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлиги учун 4 нафар солиқ ходими жиноий жавобгарликка тортилган. Хусусан, Паст Дарғом тумани давлат солиқ инспекцияси ходими тумандаги фермер хўжалигининг 2 миллион 732 минг сўмлик солиқ қарздорлигини йўқ қилиш учун 1 миллион 500 минг сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Бунёдкорлик ишларида тартиб-интизомни янада кучайтириш, давлат харидларида шаффофлик ва адолатни таъминлаш талаб этилса-да, қурилиш ҳам коррупциялашган соҳа бўлиб қолмоқда. Бу даврда 1 нафардан ҳоким ўринбосари, вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, капитал қурилиш дирекцияси собиқ бошлиғи, кадастр идорасининг 4 нафар ходимлари ва яна 10 нафар бошқа масъул шахслари жиноий жавобгарликка тортилди.

Мисол учун, “Afrosiyob Strоy Servis” МЧЖ раҳбари, Самарқанд шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари, капитал қурилиш дирекцияси собиқ бошлиғи ва бошқалар ўзаро жиноий тил бириктириб, шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсларининг ихтиёрида бўлган 7,5 миллиард сўмлик жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

“Qorakissa nurli qurilish” МЧЖ иш бошқарувчиси Қўшработ тумани халқ таълими бўлими мудири ва бошқалар билан 3 та мактабнинг ҳожатхонасини таъмирлаш учун ажратилган 160 милион сўм бюджет маблағини ўзлаштирган.

Иқтисодиёт ривожида ўта муҳим соҳалардан бири ҳисобланган қишлоқ хўжалигига дахлдор ташкилот ва идораларнинг 22 нафар ходими коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилди.

Мисол учун, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Ургут туман бўлими катта инспектори фуқарога тракторчи-машинист гувоҳномасини расмийлаштириб бериш эвазига 800 минг сўм миқдоридаги пул маблағини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

“Amin invest international” ҚК МЧЖ мансабдор шахслари 1,2 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағларини жамият ҳисоб рақамига ўтказилишига эришиб, фермер хўжаликларига минерал ўғит етказиб бермасдан, уларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш орқали талон-торож қилган.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан ўтказилган ўрганиш ва текширишлар натижасига кўра ноқонуний қарорларини бекор қилиш ва қонунга мувофиқлаштириш ҳақида 164 та протест келтирилган. Шунингдек, 22 та тақдимнома киритилган, 60 нафар шахс маъмурий ҳамда интизомий жавобгарликка тортилиб, 68 та жиноят иши қўзғатилган, 285 нафар мансабдор шахс қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилган.

Мисол учун, Пайариқ туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи 92 фермер хўжалигининг 597 гектар ер майдонларида дарахтзорлар барпо этилишини олдини олиш чораларини кўрмаганлиги, ҳужжатлар сохталаштирилиб, сувли ер майдонларига ғалла экилмаганлиги оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2,4 миллиард сўм иқтисодий зарар етказилган.

Самарқанд туманидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилган ерларнинг 161 гектари ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний равишда уй-жойлар қурилганлиги ва давлат манфаатларига 55,9 миллиард сўм зарар етказилганлиги ҳолати бўйича “Ермулккадастр” ДУК Самарқанд туман бўлими мансабдор шахслари ва бошқалар тергов олдида жавоб бермоқда.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ижтимоий соҳадаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бироқ тизимдаги айрим ходимлар зиммасидаги вазифаларни бажаришда турли суиистеъмолчиликларга қўл урмоқда. Оқибатда сўнгги икки йилда тизимдаги 5 нафар ана шундай ходимлар турли коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилди.

Биргина мисол, Паст Дарғом тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори 2 нафар ходими билан камбағал оилалар тоифасига кирмаган 26 нафар фуқарога иссиқхона қуриш ва сув насослари олиш учун 99 миллион сўм субсидия маблағлари берилганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тузган. Шунингдек, марказнинг 33 нафар моддий ёрдамга муҳтож бўлмаган ходимлари номидан сохта ҳужжатларни банкка тақдим қилиб, мукофот пули сифатида 224 милион сўм нақд пулни “чўнтакка урган”.

Олий таълим тизимида энг кўп кузатилаётган коррупция ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ бўлмоқда. Мисол учун, Самарқанд давлат университети лаборанти университет доценти билан фуқаро Х. ва З.га ўқишга киритишни ваъда қилиб 6 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни олган вақтда қўлга олинган.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти декан ўринбосари фуқаро Х.ни Қозоғистон Республикасининг олий ўқув юртидан мазкур институтга кўчириш масаласини ҳал қилиб бериш учун 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Сўнгги икки йилда халқ таълими тизимдаги 87 нафар ходим турли жиноятлар учун жавобгарликка тортилган, уларнинг 57 фоизи коррупциявий қилмишлардир. Жумладан, Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими ҳисобчилари 1,2 миллиард сўмлик, Иштихон тумани халқ таълими бўлими ҳисобчилари 951 миллион сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштирганлиги ҳолати бўйича жиноий жавобгаликка тортилган.

Мактабгача таълим тизимида ҳам коррупция иллати учраб турганлиги барчамизни ташвишга солади. Сўнгги икки йилда тизимдаги 20 нафар ходим турли жиноятлар учун жавобгарликка тортилган. Соҳада айниқса, бюджет маблағларининг сарфланишида суиистеъмолчиликларга йўл қўйилмоқда. Масалан, Каттақўрғон шаҳар 10-сон давлат махсус мактабгача таълим ташкилоти мудираси ва ташкилот мансабдор шахслари 764 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.

Ўтган йил охирида Бош прокуратура томонидан соғлиқни сақлаш тизимида коррупциянинг олдини олиш борасида алоҳида йиғилиш ўтказилиб, вазифалар белгилаб олинган эди. Шунга қарамасдан, тизимда ўзига тегишли хулоса чиқармаган ходимлар учрамоқда. Бундай нопок ходимлар шарафли касбга “доғ” туширмоқда.

Жумладан, Булунғур туман тиббиёт бирлашмасининг пуллик хизмат бўлими бошлиғи 2018 ва 2019 йилларда пуллик хизматлардан тушган 86,5 млн. сўм пулларни бирлашма ҳисобига кирим қилмасдан ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилган.

Самарқанд шаҳридаги 9, 10 ва 4-сон оилавий поликлиникалар ҳамда 1-сон туғруқ муассасаси мансабдор шахслари ўзларининг ихтиёрида бўлган 193 миллион сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож ва растрата қилиш жиноятини содир қилганликлари аниқланган. Минг афсуски, бу каби мисолларни яна давом эттириш мумкин.

Кўрилаётган чораларга қарамасдан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида ҳам коррупция ҳолатларига чек қўйилмаяпти. Сўнгги икки йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 31 нафар ходими жиноий қилмишлари учун жавобгарликка тортилди.

Самарқанд шаҳар ички ишлар бўлими катта тезкор вакили фуқародан ИИВ тизимига ишга жойлаштириш учун деб 5,5 минг АҚШ доллари олган вақтда ушланиб, қонун олдида жавобгар бўлганлиги ачинарли ҳолатдир.

Бу мисоллар барчамизни сергак торттириши керак. Аввало, биринчи раҳбарларда тизимда адолат ўрнатишга, таниш-билишчилик ва суиистеъмолчиликка чек қўйишга хоҳиш бўлса, қатъият кўрсата олса, коррупциянинг илдизи билан қирқиш мумкин. Ўйлайманки, барча раҳбарлар, соҳа мутасаддилари танқидларни тўғри қабул қилиб, тегишли хулоса чиқаради.

Равшан МАШАРИПОВ,

Самарқанд вилояти прокурори.